ЛАОС

ЛАОС, Лаос Халқ Демократик Республикаси (Sathalanalat Pasathipatai Pasacon Lao) — Жан.-Шар-қий Осиёда, Ҳиндихитой я. о. нинг марказий қисмида жойлашган давлат. Майд. 236,8 минг км2. Аҳолиси 5,6 млн. киши (2001). Пойтахти — Вьентьян ш. Маъмурий жиҳатдан 13 кхуэнг (вилоят)га бўлинади.

Давлат тузуми. Лаос — халқ-демократик республикаси. Амалдаги конституцияси 1991 й. 14 авг. да қабул қилинган. Давлат бошлиғипрезидент (1998 й. дан Кхамтай Сипхандон), у Миллат мажлиси томонидан 5 йил муддатга сайланади, бош вазир, вазирлар ва б. мансабдор шахсларни тайинлаш ҳуқуқига эга. Қонун чиқарувчи ҳокимият Миллат мажлиси (бир палатали парламент) бўлиб, у аҳоли томонидан умумий тўғри овоз бериш йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Ижроия ҳокимият — бош вазир бошчилигидаги ҳукумат.

Табиати. Лаос, асосан, тоғли мамлакат. Л. нинг шим. ўртача баландликдаги тоғ тизмалари ва платодан иборат. Траннинь тоғлигида Л . даги энг баланд чўққи — Биа тоғи (2820 м) жойлашган. Мамлакат шарқида Аннам тоғининг Чионгшон тизмаси, жан. да Боловен платоси бор. Мамлакат ғарби ва жан.-ғарби аллювиал тупроқли пасттекисликдан иборат. Рельефнинг карст шакллари тарқалган. Лаосда темир рудаси, қалай, олтин, рангли ва ноёб металлар, кўмир, калий тузи, чақмоқтош конлари мавжуд.

Иқлими субэкваториал, муссонли. Янв. нинг ўртача т-раси шим. да 15° дан жан. да 23°гача, июлники 28—30°. Тоғларида қора совуқ бўлиб туради. Йиллик ёғин тоғларда 3000 мм гача, платода 1600 мм. Нояб. —апр. қуруқ мавсум, май — окт. намгарчилик мавсуми ҳисобланади. Йирик дарёси — Меконг; унинг айрим қисмларида кема қатнайди. Фалокатли сув тошқинлари бўлиб туради. Тупроқлари, асосан, тоғ латерит тупроқлар. Лаос ҳудудининг 2/3 кисми ўрмон (тик, бамбук, дуб, қарағай, пушти, қора ва сандал дарахтлари). Плато ва водийларида саванна. Ҳайвонот дунёси бой: фил, йўлбарс, крштон, айиқ ва б. учрайди. Маймунлар, судралиб юрувчилардан илон, калтакесак, тимсоҳ кўп. Хилмахил қушлар, кўршапалаклар яшайди.

Аҳолиси. Асосий аҳолиси лао (70%); шунингдек кхму, мео, яо ва б. халқлар — хитойлар, вьетнамлар, ҳиндлар ва б. яшайди. Расмий тил — лао (лаос) тили. Аҳолисининг кўпчилиги буддавийликка, қолганлари анъанавий маҳаллий динларга эътиқод қилади. Аҳолисининг 19% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Вьентьян, Саваннакхет, Луанг-прабанг, Паксе, Тхакхек.

Тарихи. Лаос ҳудудида одам юқори палеолит давридан яшайди. Мил. 1-минг йилликнинг 1-ярмида Лаос ҳудудида кхмерлар давлати — Фунаннинг сиёсий ва иқтисодий таъсири кучли бўлган. Фунань ўрнига келган Ченла (7 — 8-а. лар) ва Камбужадеш (9—13-а. лар) давлатлари даврида Лаоснинг жан. ҳамда марказий қисмида калъалар ва шаҳарлар бунёд этилди. 9-а. га келиб таи ва лаос феодал князликлари пайдо бўлди. 1353 й. хрзирги Лаос ва Шаркий Таиланддаги князликлар бирлаштирилиб, марказлашган Лансанг давлати тузилди. 1707 й. Лансанг давлати Луангпрабанг, Вьентьян князликларига бўлиниб кетиб, Сиангкхуанг (СиенгКуанг) князлигига қарам бўлиб қолди (1710). 1828 й. Вьентьяннинг бир кисми Сиём, 1832 й. Сиангкхуангнинг кўпгина ҳудуди Вьетнам қўл остига ўтди. 1893 й. да Луангпрабанг Франция протекторатига айлантирилди. Шундан кейин Шарқий Тямпатсак ва собиқ Вьентьян князлиги ҳудуди мустамлака сифатида Франция Лаоси номи билан Ҳиндихитой Иттифоқи таркибига кирди. Лаос халқи Франция ҳукмронлигига қарши бир неча марта қўзғолон кўтарди (1901—07; 1910—36). 1936—38 й. лардаги миллий озодлик ҳаракати Лаос, Вьетнам ва Камбоджа халқ-демократик ҳаракати тусини олди.

2-жаҳон уруши даврида мамлакатни Япония босиб олди. 1946 й. нинг бошида француз қўшинлари Лаосни яна ишғол қилди. 1950 й. 13 авг. да ўтказилган халқ вакиллари съездила Л. Бирлашган миллий фронти (Нео Лао Итсала) тузилди. 1953 й. окт . да Халқ озодлик армияси тазйиқи остида Франция Лаосни мустақил қироллик сифатида тан олди, бироқ 1954 й. Женева битимидан кейингина унинг мустақиллиги халқаро миқёсда танилди ва Франция қўшинлари билан Вьетнам халқ кўнгиллилари Лаосдан олиб чиқиб кетилди. 1955 й. дек. да Лаос БМТга аъзо бўлди. Нео Лао Итсаланинг номи 1956 й. 6 янв. да ўтказилган 2-съездда Лаос ватанпарварлик фронти (ЛВФ) деб ўзгартирилди. Бироқ 1958 й. ҳокимият Лаос ўнг кучлари қўлига ўтди. ЛВФ фаолияти тақиқланди. 1960 й. 9 авг. да қирол армиясининг парашютчилари батальони капитан Конг Ле бошчилигида давлат тўнтариши уюштирди ва Суванна Фумага хукуматни бошкариш топширилди. 1962 й. 11 июнда Суванна Фума бошлиқ миллий бирлик ҳукумати тузилди. Женевада 14 мамлакат вакиллари иштирокида ўтказилган халқаро кенгашда (1962 й. 23 июлда) Лаос бетарафлиги ҳақидаги Декларация ва Декларация баённомаси имзоланди. 1964 й. 19 апр. да давлат тўнтариши ўтказишга уринган унсурлар ҳукуматнинг бир неча аъзолари катори Суванна Фумани қамоққа олди. Лекин улар бутун жаҳон илғор кучларининг талаби билан озод қилинди. Суванна Фума 1964 й. июнда ҳукумат таркибини ўзгартиришга мажбур бўлди. 1969 й. дан Лаос унг кучлари ЛВФга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтириб юборди. 1971 й. фев. бошида Америка-Жан. Вьетнам қўшинлари (30 минг киши) Жан. Лаос ҳудудига бостириб кирди, бироқ март охиридан ватанпарвар кучлар шиддат б-н қарши ҳужумга ўтдилар. 1973 й. 21 фев. да Вьентьянда ЛВФ билан Вьентьян ҳукумати ўртасида Лаосда тинчлик ўрнатиш ва миллий бирликка эришиш тўғрисида Шартнома, 1973 й. 14 сент. да шу Шартнома баённомаси имзоланди. Унда Миллий мажлисга сайлов ўтказиш ва Миллий бирлик ҳукуматини тузишга қарор қилинди. 1974 й. коалицион ҳукумат тузилди. 1975 й. 2 дек. да халқ вакиллари анжумани монархия тугатилганини ва Л. Халқ Демократик Республикаси тузилганини эълон қилди. Мамлакат тинч қурилиш йўлига ўтди. Халқаро майдонда Лаос барча мамлакатлар билан хамкорлик ва тинчлик йўлига амал қила бошлади. Лаос ҳукумати ЎзР суверенитетини 1992 й. 2 янв. да тан олди ва ўша йили 10 сент. да дипломатия му-носабатлари ўрнатди. Миллий байрами — 2 дек. — Республика эълон қилинган кун (1975).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Л. Халқ-инқилобий партияси, 1955 й. да Лаос халқ партияси номи билан тузилган, 1972 й. фев. дан ҳоз. номини олган; Л. Миллий қурилиш фронти (Нео Лао Санг Сат), 1956 й. тузилган. 1979 й. фев. гача Лаос ватанпарварлик фронти деб аталган, оммавий ватанпарварлик ташкилоти. Унга Лаос халқ инқилобий партияси раҳбарлик қилади. Фронт таркибига Лаос хотин-қизлар иттифоқи, халқ-инқилобий ёшлар иттифоқи, Талабалар уюшмаси ва б. жамоат ташкилотлари киради. Лаос касаба уюшмалари федерацияси, 1956 й. да тузилган, Жаҳон касаба уюшмалари федерацияси аъзоси.

Хўжалиги. Лаос — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ ва ўрмон хўжалигининг улуши 53%, саноат ва қурилишнинг улуши — 17%. Асосий табиий бойликлари — қимматбаҳо ёғочли ўрмон ва гидроэнергия ресурслари. Йилига 828 млн. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади. Асосий қ. х. экини — шоли (экинзорнинг 90%). Маккажўхори, пахта, кофе, соя, банан, ананас, цитрус мевалар, картошка, сабзавот, шакарқамиш, тамаки, зиравор ҳам етиштирилади. Чорвачилигида қорамол, буйвол, қўй, чўчқа ва б. боқилади. Дарёларида балиқ овланади. Саноатида кончилик устун. И. ч. саноати қ. х. хом ашёсини қайта ишлайдиган кичик корхоналардан иборат. Металл буюмлари ф-каси, таъмирлаш устахоналари, ёғочсозлик ва тўқимачилик корхоналари бор. Ҳунармандчилик ривожланган. Мамлакатда т. й. йўқ. Автомобиль йўллари уз. 14,1 минг км. Юкларнинг аксарияти Меконг дарёсида ташилади. Ташқи савдо учун Вьетнамнинг Хайфон ва Дананг портларидан фойдаланилади. Лаос четга электр энергия, ёғоч, қалай концентрати, кофе сотади. Четдан саноат асбоб-ускуналари, транспорт воситалари, металл, нефть маҳсулотлари, цемент, гуруч олади. Ташқи савдода Жан.-Шарқий Осиё мамлакатлари, Япония, Хитой, Россия билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — кип.

Тиббий хизмати. Тиббий муассасаларнинг кўп қисми давлат қарамоғида бўлиб, улар бепул хизмат кўрсатади. Врачлар Вьентьян тиббиёт ин-тида ва чет элларда тайёрланади.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. 1976 й. дан Лаосда таълим соҳасини ислоҳ қилишга киришилди. Бошланғич ва ўрта мактабда дарслар лао тилида олиб борилади. Бепул таълим тизими вужудга келтирилган. Бошланғич мактабда ўқиш муддати 5 й., ўрта мактабда 6 й. Ўрта ҳунар-техника ва пед. таълим йўлга қўйилган. Вьентьян ун-ти, тиббиёт ва пед. ин-тлари мавжуд. Луангпхабанг яқинида давлат қ. х. селекция ст-яси, Вьентьянда Миллий кутубхона, шаҳар кутубхонаси, ун-т кутубхонаси, миллий санъат музейи ва б. бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Лаосда бир неча газ. ва жур. лар нашр этилади. Йириклари: «Пасасон» («Халқ», кундалик газ., 1950 й. дан), «Вьентьян май» («Янги Вьентьян», кундалик газ., 1975 й. дан), «Нум лао» («Лаос ёшлари», ёшлар газ., 1979 й. дан), «Алунван май» («Янги тонг», жур., 1985 й. дан), «Кхосана» («Тарғиботчи», жур., 1987 й. дан), «Сакса май» («Янги таълим», жур., 1981 й. дан), «Хенгнган» («Меҳнат», жур., 1980 й. дан). Каосан Патет Лао ҳукумат ахборот агентлиги, 1968 й. да тузилган. Лаос миллий радиоси ҳукумат хизмати бўлиб, 1951 й. да тузилган, лао, Вьетнам, тай ва кхмер, шунингдек, француз ва инглиз тилларида эшиттириш олиб боради. Лаос миллий телекўрсатуви, хукумат хизмати, 1983 й. да ташкил этилган.

Адабиёти. Лаос ҳудудидан 13-а. 2-ярмига мансуб дастлабки ёзма ёдгорликлар топилган. Лансанг давлати (14-а.) тузилиб, буддавийлик тарқалгач, линий ва дунёвий мазмундаги асарлар («Шаҳзода Хунг», «Кхун Болом ҳақида достон» ва б.) пайдо бўлди. Панкхамнинг «Синсай» қаҳрамонлик достони 16—17-а. лар Лаос адабиётининг юксак чўққиси ҳисобланади. 18-а. да Лансанг давлатининг емирилиши (1707) ва Лаос мустақиллигининг барбод бўлиши (19-а. охири) оқибатида Лаос адабиёти таназзулга учради. 2-жаҳон урушидан кейин Лаос адабиёти янгидан ривожлана бошлади. Замонавий адабий асарлар, асосан, мамлакат мустақиллиги учун кураш тарихига ва янги турмуш қуриш муаммоларига бағишланган. Соме шеърлари, Сисан қўшиқлари, Кхамлинг Фолсеннинг «Жажжи Си» ва Диан Саваннинг «Ҳаёт йўли» қиссаларида замон руҳи ёритилган.

Меъморлиги. Мил. 1-минг йиллик ўрталари ва 2-минг йиллик бошларидан Саваннакхет яқинидаги ибодатхоналар (Инг-Ранг ва б.) сақланган. Лансанг давлати ташкил топгач (14-а.), будцавийлик тарқалди ва унинг таъсирида ўзига хос миллий бадиий маданият ривожланган. 16-а. га мансуб «вата» (монастир) мажмуалари (Луангпребангда Сиенг-Тхонг, 1561; Вьентьянда Фра-Кео, 1565 ва б.) мавжуд. Уларнинг таркибида ибодатхоналар, кутубхоналар, роҳибларнинг ётоқхоналари, саройлар, турли шаклдаги ступалар бўлган. Мустақиллик эълон қилингач, ҳам замонавий, ҳам анъанавий миллий шакллардан фойдаланилди («Лансанг» меҳмонхонаси, Ички ишлар вазирлигининг биноси ва б.). Кейинги йилларда Вьентьян ва б. шахарларда замонавий уй-жой бинолари барпо этилди.

Тасвирий саньати. Кўзалар водийси (Траннинь ясситоғлиги)дан мил. бошларига доир кад. санъат ёдгорликлари — улкан гранит «идиш»лар топилган. Ўрта асрларда раққосалар ва б. нинг ҳайкалчаларини ясаш, иморатларнинг ёғоч пештоқларига, эшикларга, дераза эшикчаларига ўйиб гул солиш ва зарҳаллаш расм бўлган. Лаосда дастгоҳли рассомлик (локли, мойбўёқ рангтасвири), графика, ҳайкалтарошлик ривожлана бошлади; халқ ҳаётини тасвирловчи манзаралар, натюрмортлар пайдо бўлди. Безак санъати, металл ишлаш, тўқимачилик ва б. кенг тарқалган.

Мусиқа маданиятининг бошланғич даври 12-а. га бориб тақалади. Лаос мусиқасида халқ анъаналари сақланган. Л . да 20-а. га қадар нота ёзуви бўлмасада, адабиётидаги қонунлар замирида лам куйлари тизими шаклланган. Якканавозлик (сайёҳ ашулачилар ва ошиқмаъшуқлар қўшиқлари) ҳамда антифон тарзида хор қўшиқчилиги ривожланган. Қадимдан мавлум — эпик қўшиқчилик санъати, мавлум луанг — мусиқавийсаҳнавий томошалари ривожланиб келган. Мусиқа асбобларидан энг машҳури — хен бўлиб, у бамбук найчаларидан ясалади, шунингдек найсимон, 2 торли ғижжаксимон ва бир канча урма созлар оммалашган. 20-а. 2-ярмидан аккордеон, катта барабан хам одат тусини олган, композиторлик ижоди юзага кела бошлаган (Баунтха-мали, Кхамала Нокео ва б.).

Театри Жан. ва Жан.-Шарқий Осиё театрларига ўхшайди. Рақс, мусиқа, пантомима ва драмаларни умумлаштирган. Лаос театри саҳнасида декорация ва бутафориялар бўлмасада, томошалар қизиқарли ўтади. Қироллик балети, Фонус хаёл театри ва қўғирчоқ театри қадимдан бор.

Loading...