ЛАҚАЙ

ЛАҚАЙ, лоқай — ўзбеклар таркибига кирган элатлардан бири. Лақай, асосан, Бухоро хонлигининг Ҳисор ва Балжувон бекликлари ҳудудларида, айрим гуруҳлари ҳоз. Сурхондарё вилоятининг Денов, Тожикистоннинг Сомониён, Кофарниҳон, Ҳисор туманлари, Хатлон вилоятининг Қўрғонтепа ва Кўлоб минтақаларида муқим аҳоли сифатида истиқомат қилишади. Лақайлар Афғонистоннинг Бағлон ва Балх вилоятларида, Покистоннинг Карочи ш., Саудия Арабистонидаги Макка, Мадина, Жидда ш. ларида, Туркиянинг Антакия, Истанбул минтақаларида, Эроннинг Теҳрон вилоятидаги Қизил Ҳисор, Шероз, Зоҳидон, Кермон, Қазвин ва Ҳўрмузгон вилоятларида яшайдилар. Тахм. маълумотга кўра, умумий сони 500 минг кишидан ортиқ. 20-а. бошларида Ҳисор беклигида Лақайлар ҳисор Лақай лари (эсанхўжа, бодроқли уруғлари), Балжувон беклигида яшовчиларни балжувон Лақайлари (байрам, тўртувул уруғлари) (ҳоз. Кўлоб Лақайлари) деб аталган. Бу уруғларнинг ҳар бири, ўз навбатида, яна бир қанча кичик уруғ (бўлак)ларга бўлинган. Лақайлар хам ўзбек халқини ташкил этган бошқа элатлар сингари ҳоз. яшаб турган ҳудудларда шаклланиб ривожланган. Лақайлар чорвачилик, йилқичилик билан шуғулланган. Лақай от зоти ва ҳисори қўйлар Марказий Осиёда машҳур. Бой хўжаликларда 300—400, айримларида 900—1000 йилқи бўлган. 19-а. охирларида ўтроқлашиш жараёнида деҳқончилик билан шуғулланишган. Лақайлар ўзига хос урф-одат ва анъаналарга эга. Лақай қизлари тикадиган мапремеч, жук чариғич, айнахалта, кеште ва б. шунга ўхшаш миллий маданият намуналари машҳур. Айниқса, Лақай ларда тикиладиган торлама ва бостирма тақиялар, яъни миллий бош кийимлар, ўзига хос миллий маданият намуналари сифатида ажралиб туради. Ад.: Маллицкий Н. Г., Учебное пособие по географии Таджикистана, Т. — Самарқанд, 1929; Кармышева Б. X., Узбеки-локайцы Южного Таджикистана, Сталинабад, 1954. Насриддин Маманазаров.

Loading...