ЛАВАНДА

ЛАВАНДА (Lavandula) — лабгулдошлилар оиласига мансуб бута ёки доим яшил чала буталар туркуми, эфир мойли экин. Ўрта Денгиз соҳилларида 25 дан ортиқ тури учрайди. Асосан, Франция, Италия, Испания, Венгрия, Молдавия, Қрим, Россиянинг Краснодар ўлкасида энсиз баргли Лаванда (L. angustifolia) тури етиштирилади. Лаванданинг янги тўпгулида 1,2 — 2,3% эфир мойи мавжуд. Парфюмерия, озиқ-овқат саноати, тиббиётда қўлланилади. Лаванда ёруғсевар, қурғоқчиликка чидамли, иссиқсевар ўсимлик, 30° совуққа чидайди. Каламчасидан кўпайтирилади. Илдизи 40—50 та узун ипсимон илдизчалардан иборат. Тупроққа 2 м чуқур кириб боради. Сершох, бир тупида 400—800 та поя ҳосил қилади. Меваси қўшалоқ, 4 та ёнғоқчадан иборат, ранги сариқ — жигарранг. Экилган кўчатлардан 2-йилдан бошлаб 20—25 йилгача ҳосил олинади. Ҳар 6—7 йилда лавандазорлар ёшартирилади.

Loading...