ЛАВҲ (араб. — тахта) — 1) мактабхоналарда талабалар савод чиқариш учун ишлатган ёзув тахтаси;
2) ўқиш вақтида устига китоб, нота очиб қўйиладиган махсус курсича (таглик). Одатда, Лавҳ тахтадан ишланган. Самарқандда Бибихоним масжидининг ҳовлисида, Тошкентдаги Темурийлар даври тарихи давлат музейида мармардан ишланган катта Лавҳ бор. Л. ишлаш анъаналари ўзбек халқ амалий санъатининг ёғоч ўймакорлигида сақланиб қолган. Лавҳнинг бугунги кундаги вазифаси ўзгариб, у музей экспозицияси, ўзбек халқ амалий санъатининг эсдалик совға намунасига айланган.