ЛАВЛАГИ

ЛАВЛАГИ (Beta) — шўрадошлар оиласига мансуб бир, икки йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми; сабзавот, хашаки, шакарли экин. 16 тури бор. Ўрта Ер денгизи атрофларида, Осиё, Закавказье, Ҳиндистон, Франция, шунингдек, Буюк Британия, Скандинавия мамлакатларида тарқалган. Деҳқончиликда ош Лавлаги, хашаки Лавлаги, ва қанд Л. га бўлинадиган оддий Лавлаги (В. vulgaris) тури ва қанд Лавлагининг тур хили бўлган баргли Лавлаги (ёки мангольд Лавлаги — Betacica — овқатга барги ёки барг банди ишлатилади) экилади. Ёввойи Лавлаги қадим замонлардан овқатга ишлатиб келинган. Мил. ав. 2—1-минг йилликда баргли Лавлаги маданийлаштирилган. Мил. бошларида маданий илдизмевали шакллари экила бошлади. 18-а. да хашаки Лавлагининг дурагайларидан қанд Лавлаги яратилган. 19-а. охири ва 20-а. да бу экин барча қитьаларга тарқалди.

Ош лавлагиқизил Л., қизилча, сабзавот Л. — экилгандан сўнг биринчи йили 0,4—0,9 кг катталикда илдизмева ва барг тўплами ҳосил қилади. Намсевар ва ёруғсевар ўсимлик, совуққа, қурғоқчиликка чидамли. Барча деҳқончилик минтақаларида экилади. Ўзбекистонда Бордо — 237, Бикоресс (2002 й. дан), Рось ва б. навлар районлаштирилган. Ҳосилдорлиги 300—400 ц/га ва ундан юқори.

Хашаки Лавлаги — биринчи йили 10 — 12 кг лик илдизмева ва баргтўплами ҳосил қилади. Ширали озуқа сифатида чорва молларига берилади. 100 кг илдизмевада 12,2 озуқа бирлиги ва 0,9 кг ҳазм бўлувчи протеин, 100 кг баргида 10,2 озука бирлиги ва 1,8 кг ҳазм бўлувчи протеин мавжуд. Хашаки Лавлаги намга талабчан, ёруғсевар, совуққа чидамли. Америка (АҚШ, Канада, Бразилия), Янги Зеландия, Африка (Жазоир, Тунис), Европа, шу жумладан, Белоруссия, Украина, Болтиқбўйи мамлакатларида кўп экилади. Ҳосилдорлиги 300-400 ц/га.

Қанд Лавлаги — қанд-шакар саноати хом ашёси. Чиқиндилари чорва молларига ем (меласса ва ўғит) сифатида ишлатилади. Экилган йили таркибида 14 — 20% (баъзида 24% гача) қанд бўлган илдизмева (ўртача оғирлиги 300—600 г) беради. Қанд Лавлаги иссиқсевар ва нам-севар, қурғоқчиликка чидамли. Уруғи униб чиқиши учун ҳарорат 10—12°, яхши ривожланиши учун 20—22° бўлиши лозим. —4, —5° да нобуд бўлади. Қанд Лавлаги АҚШ, Россия, Украина, Қо-зоғистон, Ўзбекистонда 20-а. нинг 40-й. ларда ва 90-й. лар бошидан (Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида) етиштирилади. Жаҳон бўйича қанд Лавлаги ялпи экин майдонлари 6,7 млн. га, ўртача ҳосилдорлик 392 ц/га, ялпи ҳосили 263 млн. т (1999). Ҳосилдорлиги интенсив технологияда парвариш қилинганда 350—400 ц/га. Кенг қаторлаб ёки пунктир усулида экилади. Парвариш яганалаш, чопиқ, озиқлантириш, суғоришдан иборат. Ўзбекистонда Астро, Садо, Ромео, Элдона ва б. навлари экилади.

Касалликлари : церкоспороз, кул, нематода касалликлари.

Зараркунандалари: Л. узунбуруни, ширалар, Лавлаги парвонаси, тунламлар, кемирувчи тунламлар, дала парвонаси, Лавлаги пашшаси, Лавлаги пояхўрлари. Зараркунанда ҳашаротлар ва касалликларга қарши кураш чоралари: агротехника чора-тадбирларига амал қилиш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтларнинг ўсишига йўл қўймаслик, зараркунандаларнинг тухумларига қарши трихограмма, қуртларига қарши эса бракон, шираларга қарши олтинкўзлар личинкаларини қўллаш. Кимёвий дорилардан золон (30% намланадиган кукун) — 3,0—3,7 кг/га, БИ-58 (0,5-1,0 л/га), децис (0,25-0,5 л/га), саратон шираларга қарши малфос — 0,6—0,8 л/га ва қандалалар, ковакловчи пашша, куяларга қарши 1,0—1,2 л/га, омайт — 1,0 л/га, илдизқирқар тунламларга қарши циракс — 0,4 л/га ўсув даврида пуркалади. Ад.: Петров В. А., Борзаковский И. В., Учебная книга свекловода, М., 1985. Ботир Азимов, Зуҳра Саидова.

Loading...