ЛАВРАЗИЯ

ЛАВРАЗИЯ [Лаврентий (ҳоз. Канада) қалқони ва Осиё номидан] —мезозой эрасида (айрим манбалар бўйича палеозой эрасида ва мезозой эрасининг бошида) Шим. ярим шардаги материк ва қитъалар — Шим. Америка, Европа ва Осиёни бирлаштирган улкан континент. Гондванадан Тетис билан ажралган. Л. Ернинг геологик тарихидаги энг йирик қитъалардан бири бўлган. Лавразия таркибидаги қитъа (платформа)лар каледон ва герцин даврларида кучли метаморфизмга учраган бўлиб, мураккаб toғ жинслари (вулкан, гранит, гранит-гнейс ва карбонат чўкиндилар)дан иборат бўлган. Палеозой охирига келиб бу қитьа (платформа)лар ягона қуруклик-қитъани ташкил этган. Мезозойнинг ўрталарида, ҳоз. Атлантика океанининг шим. да, тектоник ҳаракатлар туфайли у жойларда ер ёриқлари пайдо бўлиши натижасида қитъа катта-кичик бўлакларга бўлиниб кетган. Лавразия даставвал Ернинг экваториал минтакасида жойлашганлиги ва ўзининг парчаланишидан кейин мезозой охирида шим. га кўчганлиги тахмин қилинади. Бошқа фикрларга кўра, Лавразия палеозойнинг бошидаёқ пайдо бўлган ва тошкўмир даврининг охирида бўлиниб кетган.

Loading...