ЛАЙЛАТУЛ-ҚАДР

ЛАЙЛАТУЛ-ҚАДР (араб. — қадр кечаси) — ислом ақидасига кўра, рамазон ойининг 26 дан 27га ўтар кечаси. Бу кечанинг улуғланиши Қуръони каримнинг шу кечада нозил этила бошлагани, бу кеча минг ойдан афзал экани тўғрисида Қуръонда башорат берилгани билан изоҳланади. Унда айтилишича, бу кечада осмон фаришталари Жаброил ҳамроҳлигида Ерга тушиб, тонг пайтигача бир йиллик бўладиган ишлар режасини тузадилар. Улар туни билан яна мусулмонлар учун истиғфор айтиб, гуноҳларини кечиришини сўраб, Аллоҳга илтижо қиладилар. Яна қ. Исро ва меърож.