ЛАЗЕРОЛОКАЦИЯ

ЛАЗЕРОЛОКАЦИЯ — Ер сунъий йўлдошларигача бўлган масофаларни аниқлаш усули. Лазеролокация принципи квант генератори (лазер)дан чиққан ингичка ва қисқа ёруғлик импульсининг йўлдошга бориб етиши ва қайтиб келиши учун кетган вақтни ўлчашга асосланган. Ёруғликнинг тарқалиш тезлиги аниқ бўлгани учун Лазеролокация йўли билан аниқланган вақт орқали масофани катта аниқликда ўлчаш мумкин. Лазеролокация пайтида вақтни ўлчаш учун кварц соатлари ишлатилади. Лазерли масофа ўлчагичларда вақт интерваллари ҳисоблагичи ўрнатилган бўлади. Импульс лазер асбобидан чиқиш пайтида ҳисоблагич ёқилади ва импульс унга қайтиб тушиши пайтида эса ўчирилади. Бу принципда ишловчи ҳисоблагичларда аниқлик 1 ноносекундгача боради. Бу эса сунъий йўлдошгача бўлган масофани 10—15 см аниқликда ўлчашга имкон беради.

Loading...