ЛЕНИН (Ульянов) Владимир Ильич [1870.10 (22).4. Симбирск (ҳоз. Ульяновск ш.) — 1924. 21.1, Москва вилояти Горки қишлоғи] — Россия большевиклар (коммунистлар) партиясининг асосчиси. СССР деб аталган «қизил империя»нинг ташкилотчиси. Петербург «Ишчилар синфини озод қилиш учун кураш союзи»ни тузишда қатнашган. 1895 й. РСДРПнинг 2-съезди (1903)да большевиклар партиясига бошчилик қилган. 1907 й. дан муҳожирликда яшади. 1917 й. апр. да Петроградга келиб, социалистик инқилоб йўлини илгари сурди. Петроградда Октябрь тўнтариши (1917 й. 7 ноябрь)га раҳбарлик қилди. Советларнинг 2-Бутун Россия съездида ХКСга раис бўлиб олди (1917 — 22). Ленин аксилинқилобий ҳаракатлар ва саботажга қарши курашувчи Бутун Россия фавқулодда комиссияси тузишнинг ташаббускори. Унинг кўрсатмаси билан 1918 й. дан бошлаб Россияда сиёсий террор авж олди, мухолиф партияларнинг аъзолари, зиёлилар, руҳонийлар қатағон қилинди. 1922 й. Л. нинг соғлиғи ёмонлашди ва шу йил дек. ойидан эътиборан сиёсий фаолиятда қат-нашмади. Асосий асарлари: «Россияда капитализмнинг тараққийси» (1899), «Нима қилмоқ керак?» (1902), «Материализм ва эмпириокритицизм» (1908) «Империализм капитализмнинг юкрри босқичи» (1916), «Давлат ва революция» (1917). Лениннинг жасади Москванинг Қизил майдонидаги мавзолейга қўйилган.
СССР даврида Ленин қарашлари мутлақлаштирилиб, унинг фаолияти ва шахсий ҳаёти илоҳийлаштирилди. Унинг фикрларига салгина шубҳа билан қараганлар йўқ қилинди. Бироқ Россиядан хорижга жўнаган зиёлилар ва жаҳон сиёсий арбобларининг кўпчилиги ўша пайтдаёқ унинг «коммунизм қуриш» режаси хом хаёл эканлигини айтишган. 20а. 80-й. лари охири — 90-й. лари бошида Шарқий Европада социализмнинг таназзулга учраши ва СССРнинг парчаланиши оқибатида Ленин назарияси асоссиз эканлиги узил-кесил исботланди.
Ленин ўз сиёсий фаолиятида Туркистонга большевизм ғояларини тарқатишга, минтақани советлаштиришга катта эътибор каратди. Ленин ва Сталин Туркистон мухториятини тугатиш режасини қўллабқувватлади. Лениннинг ташаббуси билан Турккомиссия (1919), Туркбюро (1920), РКП (б) МК Ўрта Осиё бюроси (1922) каби Марказнинг назорат қилувчи органлари тузилди ва Тошкентга юборилди. Туркистон фронти (1919) ташкил қилиниб, ўлкадаги совет режимига қарши қуролли ҳаракатни тугатиш учун 200.000 га яқин қизил аскар Туркистонга жўнатилди. Марказ юборган большевистик эмиссарларга қарши чиққан маҳаллий раҳбарларни Ленин «ўнг оғмачилик»да айблади. Ленин 1920 й. да Бухоро хонлиги (амирлиги) ва Хива хонлигини қизил армия томонидан босиб олинишининг ташаббускори. Бухоро босқини натижасида катта микдордаги хазина Москвага олиб кетилди ва унинг буйруғи билан иқтисодий ночор совет Россиясини сақлаб қолиш учун сарфланди. Лениннинг 1920 й. 13 июндаги кўрсатмасига кўра, яхлит Туркистон минтақасини парчалаб ташлаш жараёни бошланди ва у 1925 й. бошларида тугалланди. Шунингдек, Л. Афғонистон, Ҳиндистон, Хитой, қисман Эрон, Тур кия каби Шарқ давлатларида социализм қуриш ҳақидаги режаси учун Туркистондан таянч сифатида фойдаланишни мўлжаллаган эди. Лениннинг «коммунистик ғоя»си 20-а. охирида Ўзбекистонда ҳам бутунлай таназзулга учради.
Ад.: Латышев А. Г., Рассекреченный Ленин, М., 1996; История России. XX век, М., 2000; Туркестан в начале XX века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000.