ЛЕОНОВ Леонид Максимович

ЛЕОНОВ Леонид Максимович [1899.19(31).5 – Москва – 1994] – рус ёзувчиси, акад. (1972). Ижоди 1922 й. дан бошланган. «Бўрсиқлар» (1924) романи Леоновнинг рус маиший ҳаёти ва мешчанлар руҳиятини яхши билишини намойиш этган. Леонов «Ўғри» (1927, қайта ишланган нашри 1959), «Соть» (1929) романлари, «Қишлокдаги воқеа», «Оқ тун» (1928) каби қиссаларида рус халқи ҳаётининг мураккаб манзаралари, янги иқтисодий сиёсат даври фожиаларини акс эттирган. «Скутаревский» (1932), «Океан сари йўл» (1936) ва б. романларида рус зиёлилари — олимлар, санъаткорлар, инженерлар такдири, улар бошига тушган фожиалар ҳикоя қилинган. Леонов 30-й. ларда драматург сифатида ҳам ижод этиб, меҳнат мавзуида «Половчан боғроғлари» (1938), «Бўри» (1938), 40-й. да эса уруш мавзусида «Истило» (1942) пьесаларини ёзган. Леонов ижодида 2-жаҳон уруши манзаралари акс эттирилган «Рус ўрмони» (1953) романи муҳим ўринни эгаллайди. Леоновнинг «Evgenia Ivanovna» (1938, нашр этилиши 1963) қиссасида ҳаёт йўли хорижда якунланган рус аёлининг мураккаб қисмати катта маҳорат б-н тасвирланган. «Олтин арава» (1946, қайта ишланиши 1955) пьесаси ва «Мистер Мак-Кинлининг қочиши» (1961; шу номдаги фильм, 1976) киноқиссаси бор. Л. рус мумтоз адабиёти, айниқса, Ф. М. Достоевский ижодига хос ватанпарварлик ва руҳий тахлил анъаналарини давом эттирган.

Loading...