ЛЕПИДОДЕНДРОН

ЛЕПИДОДЕНДРОН (юн. lepis – тангача, қипиқ ва dendron — дарахт) — лепидодендрондошлар оиласига мансуб, уруғи қуриб кетган плаунсимонлар туркуми. Бўйи 20—30 м, танасининг пастки қисми диаметри 2 м га яқин, юқори қисми дихотомик шохланган, танаси қипиқсимон пўстлоқ билан қопланган. Лепидодендроннинг пўстлоғи ҳоз. ўсимликлар сингари кўчиб тушмасдан қалинлашиб боради. Лепидодендрон тошкўмир ва пермь даврида тропик минтақада кенг тарқалган. Лепидодендрон қолдиклари тошкўмир қатламларининг муҳим таркибий қисмини ташкил қилади.