ЛЕПТОСПИРОЗЛАР — одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир инфекцион касаллик; зооноз касалликлар гуруҳига киради. Лептоспиралар қўзғатади, уларнинг 10 дан ортиқ серологик гурухлари мавжуд. Лептоспиралар нам шароитда узок, яшайди, паст ҳароратга чидамли. Касалликнинг табиий, хонаки ва аралаш ўчоқлари бор. Табиий ўчоқларда, асосан, кемирувчилар, уй шароитида эса қорамол ва қўй-эчкилар, чўчқа ҳамда каламуш ва сичқонлар инфекция манбаи ҳисобланади. Инфекция касал ҳайвондан одамга бе-восита мулоқотда ёки тери, шунингдек, ифлосланган сув ва озиқовқат орқали юқади. Касаллик шартли равишда сариклик билан кечадиган (ВейльВасильев касаллиги, уни биринчи бўлиб кашф этган немис олими А. Вейль ва рус олими Н. П. Васильев номидан) ва сариқсиз хилларга ажратилади. Сариклик б-н кечадиган Лептоспирозлар тўсатдан қалтириш, ҳарорат кўтарилиши, қаттиқ бош оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш билан бошланади; дам-бадам иситма тутиши касалликка хос. Мускулларда кучли оғриқ, баданда майда тошмалар бўлади. Буйрак, жигар, баъзан қон томирлар зарарланади. Касалликнинг 4-кунига келиб бадан сарғаяди. Сариқсиз Лептоспирозлар (сув иситмаси)да ҳам иситма чиқади, мускул ва бўғимлар оғрийди, лекин бадан сарғаймайди, касалликнинг бу шакли бир қадар енгил кечади, деярли асорат қолмайди.
Ҳайвонлардан қорамол, қўй, эчки, от, туя, чўчқа, ит, мушук, парранда, ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчиларда учрайди. Касаллик камқонлик, сариклик, ёппасига бола ташлаш, шиллиқ пардалар ва терига қон қуйилиши, некроз б-н кечади. Л. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида учрайди. Касалликнинг яширин даври 2—20 кун. Қорамол, қўй, эчкиларда касаллик жуда ўткир ривожланиб, иштаҳа йўқолади, ҳолсизланади, нафас олиши ва юрак уриши тезлашади, иситма кўтарилади ва 1—2 кундан кейин ҳайвон ўлади. Касалликдан тузалган ҳайвонларда узоқ муддатли иммунитет пайдо бўлади. Ташхис эпизоотологик маълумотлар, клиник белгилар, серологик усуллар ва лаб. текширувига асосан қўйилади. Даволаш: касалликка қарши ги-периммун зардоб ва стрептомицин, тетрациклин ишлатилади. Олдини олиш: кемирувчиларга қарши кураш, махсус эмлаш, ветеринария-санитария тадбирлари кўриш.