ЛЕЙПЦИГ

ЛЕЙПЦИГ — Германиядаги шаҳар, Саксония ерида. Плайсе дарёсининг Вайсе-Эльстер дарёсига қуйилиш ерида жойлашган. Мамлакатнинг муҳим саноат, савдо, илмий ва маданий марказларидан. Транспорт йўллари тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Аҳолиси 490 минг киши (1999). Шаҳар қўлёзмаларда илк бор 1015 й. да тилга олинган. Лейпциг ўрнида қадимда славянларнингЛипск қишлоғи бўлган. 12-а. дан шаҳар ҳуқуқини олган. Ўрта асрларда Саксониянинг энг йирик шаҳарларидан бири эди. Шаҳар атрофида кўп тарихий жанглар бўлиб ўтган. 2-жаҳон уруши даврида шаҳар катта талофот кўрган. Етакчи саноат тармоғи — машинасозлик. Металлургия ва кон ускуналари, юк ортиш ва транспорт воситалари з-ди, қ. х. ва тўқимачилик машинасозлиги, станоксозлик, озиқ-овқат ва полиграфия саноати учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Пластмасса, резина буюмлар, лок-бўёқ ишлаб чиқарилади. Гилам тўқилади. Лейпциг полиграфия ва мўйна саноати билан ҳам машҳур. Қадимдан нашриётчилик ишларининг йирик маркази. Ҳар йили халқаро савдо ярмаркалари, қисқа метражли ва ҳужжатли фильмлар кинофестиваллари, мўйна аукционлари ўтказилади. Ун-т (1409), мусиқа, театр, адабиёт, китоб графикаси ва санъати, жисмоний тарбия, пед. ва б. олий ўқув юртлари, кутубхоналар, тасвирий санъат, шаҳар тарихи, этнография, бадиий ҳунармандчилик, китоб ва шрифт музейлари, опера ва драма театрлари бор. Меъморий ёдгорликларидан черковлар (13—16-а. лар), эски ратуша (16-а.), ун-т биноси, опера театри биноси, Ярмаркалар уйи, «Штадт Лейпциг» меҳмонхонаси ва б. мавжуд.

Loading...