ЛИФТ

ЛИФТ (инг. Lift — кўтармоқ) — одамлар ва юкларни вертикал йўналиш бўйича ташиш учун мўлжалланган кабинали муқим (стационар) кўтариш машинаси. Кабинани ҳаракатлантириш усулига кўра, механик, гидравлик ва пневматик хилларга бўлинади. Электр ёрдамида канатли чиғир билан кўтариб туширувчи механик Лифт энг кенг тарқалган. Лифт блокли чиғир, йўналтиргич бўйлаб ҳаракатлантирувчи кабина ва посангидан иборат. Лифт чиғирининг жойлашишига кўра, пастда ва юқорида жойлашадиган; хавфсизликни таъминлаш қурилмасига кўра, кабинаси полистпластли ёки бевосита осмали, посангили ва б. ; ҳаракатланишига кўра, секин (1м/ сек), тез (1,5 м/сек) ва жуда тез (3,5 м/ сек ва ундан ортиқ) ҳаракатланадиган хиллари бор. Канатларга осилган кабина тик шахтада ҳаракатланади. Сирпанма ва роликли бошмоқлар кабинани вертикал вазиятда тутиб туради. Кабина ҳаракатланганда бошмоқлар шахта деворига қўзғалмас қилиб маҳкамланган йўналтиргичларда силжийди. Хавфсизликни таъминлаш учун кабина ва посангилар камида 2 канатга осилади. Лифтнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш учун кабинани ушлаб қолувчи ва тезликни чекловчи қурилмалар ўрнатилади. Бу қурилмалар тезлик мўлжалдан бир оз ошганда, канат узилганда ёки бўшаб қолганда ишга тушади. Лифт ёруғлик ва товуш сигнализа-цияси ва б. қурилмалар б-н жиҳозла-нади. Кўпгина Лифтлар ички буйруқ ва ташқи чақириқ тугмача (кнопка) лари орқали бошқарилади. Йўловчи маълум қаватдаги чақириқ тугмачасини босиб Лифтни «чақиради». Л. кабинасига киргач, ўзига керакли қаватга оид тугмачани босиб, Лифтга «буйруқ» беради. Лифтнинг бошқариш аппаратлари ва кўтариш механизми машинахонада жойлашган. Гидравлик «сузиб юрувчи» Л. да кабина герметик шахтага насос ёрдамида ҳайдаладиган сув ёрдамида кўтарилади. Пневматик Лифтда кабина шахтада ҳосил қилинадиган ҳаво босими ёрдамида кўтарилади. Булардан ташқари, узлуксиз ишлайдиган кўтаргичлар ҳам бор. Бундай Лифтнинг ҳар қайси кабинаси узлуксиз занжир звеноси сифатида бўлиб, занжирнинг бир қисми тушиб, иккинчи қисми кўтарилади; бунда шахтанинг кириш эшиги доимо очиқ бўлади. Унинг тезлиги (0,3 м/сек) ҳаракатланаётган кабинага кириш ва чиқишга имкон беради.

Лифтнинг ўтмишдоши мил. ав. 1-а. да Римда қурилган. Шундан сўнг 6-а. да Мисрда, 13-а. да Францияда, 18-а. да Россияда, 19-а. да Германияда қурилган. Ўзбекистонда ҳам лифтсозлик са-ноати мавжуд. 1969 й. Самарқанд ш. да лифтлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган з-д қурилган (қ. «Самарқанд лифтсозлик заводи» акциядорлик жамияти).

Замонавий Лифт автоматик муҳофаза ва блокировка воситалари, ёруғлик сигнализацияси, телефон алоқаси, диспетчерлик хизмати аппаратураси билан таъминланади. Одам ташийдиган Лифтга 20 кишигача йўловчи сигади, у 150 м гача баландликка кўтарила олади, тезлиги 7,0 м/сек гача, юк ташийдиган Лифт 5 т гача юкни 200 м гача (баъзи магазин Л. ларида 10 т гача юкни 45 м гача) баландликка кўтара олади, тезлиги 2,5 м/сек гача етади (2003). Лифт турар жойлар, жамоат ва саноат корхоналари биноларига, телеминоралар ва б. га қурилади.