
ЛИГНИН
ЛИГНИН (лот lignum — дарахт, ёғоч) — табиий мураккаб полимер модда. Мол. м. 1000 дан 150000 гача, зичлиги 1250— 1450 кг/м3. Томирли ўсимликларнинг ҳужайраларида бўлади. Лигнин ҳужайра қобиқларида тўпланиб ҳужайрани ёғочлантиради ва уни мустаҳкам қилади. Кенг баргли дарахтлар таркибида 20 — 30%, игна баргли дарахтлар таркибида 50% гача Лигнин бор. Л. молекуласи ароматик спиртларнинг полимерланишида ҳосил бўлган моддалардан иборат. Лигнин сариқжигарранг аморф модда, сув ва органик эритувчиларда эримайди. Лигнин қуйидагича ҳосил бўлади: шиким кислота – фенилаланин – долчин кислота – ферул кислота – кониферил спирт – Л. Л. целлюлоза ва гидролиз саноатида чиқинди маҳсулот ҳисобланади. Ёқилғи, донадор фаол кўмир, ғовак ғишт, ўғит, тўлдирувчилар, мас, пластмасса и. ч. да хом ашё сифатида ишлатилади.