ЛИМФОЦИТЛАР

ЛИМФОЦИТЛАР (лимфа ва юн. kytos — ҳужайра) — одам ва умуртқали ҳайвонлар оқ қон ҳужайраси — лейкоцитларнинг бир тури (агранулоцитларга киради). Улар айрисимон без, лимфа тугунлари, талоқ ва кўмикда ишланиб чиқади. Лимфоцитлар кичик (4,5—6,5 мкм), ўрта ва йирик диаметрли (10—18 мкм) хилларга бўлинади. Лимфоцитлар амёбасимон ҳаракат-ланиш, шунингдек, моноцитлар, макрафаглар, фибробластлар (фагоцитоз қиладиган йирик ҳужайралар) ва б. га айланиш хусусиятига эга; у ҳимоя вазифасини бажаради; антителолар ҳосил бўлишида (плазматик ҳужайраларга айланиб) иштирок этади, бошқа ҳужайраларга озиқ моддалар етказиб беради ва ҳ. к. Қонда Лимфоцитлар сонининг камайиши лимфоцитопения, кўпайиши эса лимфоцитоз дейилади.