ЛИМОН, лиму (Citrus limon) — рутадошлар (цитруслар туркуми)га кирадиган доим яшил кўп йиллик дарахтлар тури, мевали экин. Ватани — Жан. ва Жан.-Шарқий Осиё. Ёввойи ҳолда ўсиши аниқланмаган. Ўрта Денгиз, АҚШ, Мексика, Аргентина ва б. мамлакатлар субтропикларида, Кавказнинг Қора денгиз бўйларида, Ўрта Осиёда (траншеяларда) экилади. Шунингдек, уй шароитларида ўстирилади. Дарахти бал. 3—7 м, шохшаббаси ёйиқ. Новдалари тиканли, баъзилари тикансиз. Бар-ги қалин, оч яшил, чўзиқ-тухумсимон. Гуллари икки жинсли, оқ, хушбўй. Меваси тухумсимон, баъзан думалоқ. ўртача оғирлиги 120— 400 г га боради. Пўсти сариқ, силлиқ ёки ғадир-будур, тахир. Эти 8—12 паллали, оч сариқ, серсув, нордон. Шарбати таркибида 3,5—8,1% кислота (асосан, лимон кислота), 1,9—3,0% канд, витамин С (100 г ида 45—140 мг), РР ва В ҳамда пектин моддалар, темир, фосфор, калий, кальций, магний тузлари бор. Асосан, ҳўллигича ейилади, кондитер маҳсулотлари тайёрлашда, шарбат, лимонад, лимон кислота олишда ишлатилади.
Лимон қаламчасидан ва пайвандлаш йули б-н кўпайтирилади. Боғда 2,5><4 схемада экилади. Кўчати ўтказилганидан кей-ин 3—4-йили хреил беради. 1 туп дарахти 15—20 кг ҳосил қилади. Очиқ боғларда Лимон куклам, ёз ва кузда усади, қишда тиним даврига ўтади. Кўкламда гуллайди, меваси 150—170 кунда етилади. Траншея шароитида эса кузда ҳарорати 3—5° га тушганда ўсишдан тухтаб, кўкламда ҳарорат 10—12° га кўтарилганда ўсишни давом эттиради. Барглари ҳар 2—3 йилда янгиланади. Лимон иссиқсевар, ёруғсевар ва намга талаб-чан ўсимлик. —1,5, —2° да мева ва пишмаган новдаларини, —5, —6° да тупини совуқ уради. Ҳаво ҳарорати 17— 18° да бўлганда нормал ривожланади. Лимон чи-риндига бой, сувни яхши ўтказадиган енгил тупроқларда мўл ҳосил беради. Л. Ўзбекистонда 1949 й. дан траншеяда ўстирила бошлади. Лимоннинг Новогрузинский, Ударник, Мейер ва б. навлар бор. Мейер нави траншея шароитида экилади, дарахти паст бўйли кам тиканли, апр. — майда ёппасига гуллайди; кўчати ўтқазилгач, 2-йили хреилга киради. 4—5 ёшли дарахти 50—70 дона, 9—10 ёшдагиси 120—150 дона мева беради. Меваси окт. — ноябрда пишади. Кейинги йилларда халқ се-лекционери, фахрий академик Зайниддин Фахриддинов етиштирган йирик мевали (400—950 г) Тошкент, Юбилейний нав Л. лари ҳам ўстирилмоқда.
Ад.: Кульков О. П., Мухамедов Ш. З., Ўзбекистоннинг субтропик ўсимликлари, 1968; Фахриддинов 3., Тошкент лимони, Т., 1969.
Рихсивой Жўраев.