ЛИНОЛЕУМ

ЛИНОЛЕУМ (лот. Linum — зиғир мато, полотно ва oleum — мой) — полимер рулон (ўрам) материал. Асосли (зиғир толадан тўқилган матоли, пергалинли ёки иссиқлик-товуш изоляцияли) ҳамда асоссиз (бир ва кўп қаватли), поливинилхлоридли, глифталли (алкидли), коллоксинли (нитролинолеум) ва резинали (релин) хилларга бўлинади. Линолеум 1,5—4 мм қалинликда, эни 2 м гача, уз. 6—20 м бўлган рулон (ўрам) ва кўп рангли қилиб ишлаб чиқарилади. Бино ва автомобиль полларига қоплаш ва б. мақсадларда ишлатилади.

Линолеум дастлаб 1864 й. Англияда ишлаб чиқарилган. У жут матога (асосга) ўсимлик (зиғир, кунгабоқар ва б.) мойи, пўкак кукуни ва б. қопланган глифталли материалдан иборат бўлган.

Линолеум текис асосга (тахта ёки цемент полга, шпаклепкалаб текисланган автомобиль полига) полимер мастика ёки махсус елим ёрдамида ёпиштирилади. Стандарт ўлчамли хоналарга мўлжаллаб муайян ўлчамда ишлаб чикариладиган яхлит поливинилхлорид Л. гиламлари ҳам бор.

Loading...