ЛИРИКА

ЛИРИКА (лира) — бадиий адабиётдаги 3 асосий адабий тур (эпос, драма, лирика)нинг бири. Лирикада мавжуд объектив воқеликдан кўра ижодкор шахсининг ҳис-туйғулари, қалб кечинмалари, лирик қаҳрамоннинг ички дунёси биринчи ўринда туради. Барча ифода шоирнинг «мен»и орқаг ли ўтади. Лирикада, эпосдан фарқли ўлароқ, муайян эпик сюжет бўлмайди. Драматик турдан ажралиб турадиган жиҳати эса, Лирикада субъективлик кучли. Айни пайтда Лирика эмоционаллиги, ўқувчи қалбини ҳаяжонга солиши билан фарқланади. Лирик асарда субъект ва объект бир шахсда мужассам топади, ундаги марказий «персонаж» ижодкорнинг ўзи, янада аниқроғи, унинг ички маънавий-руҳий олами саналади. Лирика ижтимоий, маданий, маиший, ишқий мавзуларни қамраб олиши ва жуда катта ижтимоий, эстетик моҳият касб этиши ҳам мумкин. Бироқ бунда ҳам, барибир, лирик асар ўзагида индивидуал шахс кечинмалари, ҳис-туйғулари етакчилик қилади. Ўқувчини ўзлигига, ўз маънавийруҳий дунёсига назар солишга ундайди. Лирика қадимда халқ оғзаки ижоди таркибида мавжуд бўлиб, маълум бир мавсум, фасл ёки урф-одатларга бағишлаб айтилган. Л. Ғарбда Қад. Юнонистон ва Рим шоирлари ижодида, Шарқда хитой, форс ва ўзбек шоирлари ижодида асосий ўринни эгаллади. Умар Хайём, Саъдий Шерозий, Атоий, Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоийлар лирик шоир сифатида шуҳрат топдилар. Алишер Навоийдан сўнг Бобур, Огаҳий, Фурқатдек шоирлар ўзбек мум-тоз Лирикаси хазинасига муносиб ҳисса кўшдилар. Ғарб Уйғониш даври вакиллари Петрарка (Италия), Вильям Шекспир (Англия), сўнгра 18—19-а. ларда И. В. Гёте (Германия), Ж. Байрон (Англия), А. С. Пушкин (Россия) каби шоирлар Лирика соҳасида самарали ижод қилдилар.

20-а. да Лирика шакл ва мазмун-моҳияти жиҳатидан бойиди. Пабло Неруда (Чили), Нозим Ҳикмат (Туркия), Гарсия Лорка (Испания), А. Блок (Россия) сингари шоирлар ижоди кўпчиликнинг эътиборини қозонди. 20-а. ўзбек адабиётида эса бадиий-эстетик тамойилларнинг янгиланишида Лирика муҳим роль ўйнади. Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим шеърларида ўзбекона лирик тафаккур имкониятларининг ранг-баранглиги акс этди. Лирика жаҳон адабиётида ўзининг ички жанрларига кўра турли ҳажмий кўри-нишга эга бўлган ва юксак мусиқийлик касб этган. Лирика даги мусиқийлик, оҳангдорлик барча замонларда бош хусусият саналган. 20-а. дунё адабиётида ва, қисман, ўзбек адабиётида нисбатан мусиқийликдан холи лирик асарлар ҳам битилди: уларни мусиқа асбоби билан ижро этиш қийин. Бироқ бу турдаги модерн Л. да шоирнинг қалб оҳанги, ижодкор услубига, жанр пафосига хос ички — сирли мусиқадорлик мавжуд. Лирика даги характер ҳам, конфликт ҳам субъект истеъдоди, маҳоратидан келиб чиқади. Хусусан, Лирикада конфликт сўзларда, мисраларда, тасвирий ифодада яққол акс этади. Лирикада бадиий тасвир воситалари (лафзий ва маънавий санъатлар) кенг қўлланади.

Поэтик «мен» ва биографик «мен» Л. нинг одатий, ўзаро ажралмас унсури саналади. Аммо ҳар қандай биографик маълумот поэтик матн ичида ўз мазмунмоҳиятини ўзгартириб, ижтимоий-маданий ёки маънавий-эстетик моҳият касб этиши мумкин. Адабиётшунос олимларнинг шоир Абдулҳамид Чўлпон қаламига мансуб «Алданиш» сарлавҳали шеърини турлича талкин этишлари бунинг исботидир. Лирик асар аксар ҳолатларда ҳар қандай инсонга тушунарли, унинг дардига, завқига мос бўлади. Аммо жаҳон адабиётида «санъат санъат учун» қоидасига мувофиқ равишда «соф санъат», «соф Лирика» тушунчалари ҳам вужудга келган. «Соф Лирика» хусусияти шуки, бунда «мен» соф санъат тили, рамзлар тили орқали юксак бадиий-эстетик мақомда ифода этилади. Шоир ўзи учун ёзади; ўқувчини кўзламайди; индивидуал руҳий ҳолат мисраларга кўчади. Адабиётшунослар Лирикани мавзусига қараб шартли равишда ишқ-муҳаббат, фалсафий, пейзаж, публицистик ва б. Л. ларга ажратадилар. Шунингдек, Лирика ғазал, рубоий, туюқ, мухаммас, қасида, марсия, сонет сингари кўплаб адабий жанрларга бўлиниб кетади. Айни чоқда, Лирикани давр эътибори билан мумтоз Лирика ва замонавий Лирика тарзида таснифлаш ҳам мумкин.

Ад.: Адабий турлар ва жанрлар [3 ж. ли], 2-ж., Лирика, Т., 1992.

Баҳодир Каримов.