ЛИЦЕНЗИЯ

ЛИЦЕНЗИЯ (лот. licentia — рухсатнома, ҳуқуқ) — 1) ваколатли давлат органлари ташқи савдо ҳаракатларини олиб бориш учун берадиган рухсатнома. Экспорт ва импортни, валюта сарфларини назорат қилиш усулларидан бири. Одатда, 1 йилга берилади;

2) техникавий, иқтисодий, илмий янгиликлар эгасининг уларни ишлатиш учун шартнома асосида берадиган рухсати. Одатда, Лицензия патент олинган ёки патент олиш учун талабнома берилган ихтироларга нисбатан қўлланилади. Ammo ихтироларга, техника янгиликларига, и. ч. тажрибаси, и. ч. сирлари, тижорат ахборотлари учун патентсиз ҳам берилиши мумкин. Лицензия берувчи лицензиар, Лицензия олувчи лицензиат деб юритилади. Янги техника ва технологияга оид Лицензиялар 3 хил бўлади: оддий Лицензия — лицензиар ихтиродан шартномада белгиланган доирада фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади, айни бир Лицензияни маълум ҳудуд доирасида фақат бир эмас, балки бир неча лицензиатга бера олади; махсус Лицензия — лицензиат ихтиро, техника ёки технологияни ишлатишга танҳо ҳуқукли бўлади, лицензиар эса уни шу ҳудудда кўллай олмайди ва ўз номидан бошқаларга сота олмайди; тўлиқ Лицензия — бунда Лицензия объектини ишлатиш тўла-тўкис лицензиатлар қўлига берилади, лицензиар эса ундан мустақил фойдалана олмайди. Бундай қоида Лицензия берилган муддат ичида амал қилади. Лицензия муайян нархда сотилади.

Лицензия ҳақи шартнома муддати давомида Лицензия бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишдан олинган мукофот шаклида тўланади (роялти). Бир неча бор тўланган роялти йиғиндиси Лицензия нархини ташкил этади. Лицензия хақи уни қўллаб, иқтисодий самара олишдан илгари, бир йўла тўланса паушаль тўлови деб юритилади. Лицензия нархи Лицензияни қўллашдан олинадиган қўшимча фойда билан бирга Лицензия бозоридаги талаб ва таклифга ҳам боғлиқ. Лицензия нархининг паст бўлиши техник-технологик янгиликларни оммалаштириш шарти хисобланади.

Шунингдек, Л. нинг ваколатли давлат органлари берадиган савдо, ҳайвонларни овлаш, муайян фаолият билан шуғулланиш, банк ҳаракатларини олиб бориш ва б. кўринишлари учрайди.

Қодиржон Юсупов.

Loading...