ЛИЗИНГ

ЛИЗИНГ (инг. lease фойдаланиш) — машина, асбоб-ускуна, транспорт воситалари, и. ч. иншоотларини узоқ муддатли ижарага олиш; узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар экспортини кредитлашнинг шаклларидан бири. Лизингнинг, асосан, молиявий ва оддий тури бор. Молиявий Лизинг — муайян муддатга ижарага берувчининг капитал харажатларини тўлиқ қоплашга етарли тўловлардан иборат бўлиб, мулк эгасига бир микдор фойда ҳам беради. Оддий Лизинг — ижара даврида ижарага олинган мулк қисман амортизацияланади. Лизинг компанияси асбоб-ускуналар сотиб олиб, уларни ижарачи фирмага, одатда 1 йилдан 10—15 йилгача ижарага беради. Лизингда ижарачининг шартнома муддати тугагандан сўнг асбоб-ускунларни қолдиқ қиймати бўйича сотиб олиш (бу ҳолда эгалик ҳуқуқи янги соҳибга ўтади); янги келишув асосида шартнома муддатини чўзиш; моддий бойликларни Лизинг компанияларига қайтариш ва б. кўзда тутилиши мумкин. Томонлар Лизинг шартномасида кўрсатилган давр мобайнида уни бузишга ҳақи йўқ. Лизинг компаниялари машина ва уску-налар сотиб олиш учун шахсий ва қарзга олинган маблағлардан фойдаланадилар. Давлат, одатда, уларга банкдан қарз олишлари учун имтиёзли шароитлар яратиб беради.

Лизинг инвестиция жарёнини молиявий таъминлашда истиқболли йўналиш ҳисобланади. Лизинг корхонага нисбатан кам маблағ билан асосий фондларни янгилаш, янги маҳсулотлар и. ч. да техника базасини яратиш, мулк ижараси ҳақини ишлаб чиқарилган маҳсулотни сотишдан тушган даромад ҳисобидан аста-секин тўлаш имкониятларини яратади.

Ўзбекистонда биринчи Лизинг компаниялари 1994 й. дан бошлаб ташкил этила бошлади. 2003 й. да 6 та Лизинг компанияси ишлади. Ўзбекистон Республикасида Лизинг муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг 1999 й. 14 апр. да кабул қилинган «Лизинг тўгрисида»ги қонуни билан тартибга солинади. Лизинг бўйича амалий ишларни олиб борадиган «Ўзбеклизинг Интернейшнл» (1995), «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» акциядорлик компаниялари республикадаги йирик Лизинг компаниялари ҳисобланади.

Қодиржон Юсупов.

Loading...