ЛОК

ЛОК (нем. Lack) , лак — сиртга суртилганда қотиб, ялтироқ қаттиқ парда ҳосил қилувчи органик моддалар аралашмаси, суюқликлар. Таркибида парда ҳосил қилувчи ва эритувчи моддалардан ташқари, кўпинча, пластификаторлар, катализаторлар ва парда ҳосил бўлишини тезлатадиган моддалар (металл тузлари, органик пероксидлар) бор. Л. сифати унинг ранги, тозалиги, ёпишқоқлиги, парда ҳосил қилувчи (учмайдиган) моддалар миқдорига, қуриш тезлигига, ҳосил бўлган парданинг ялтироклиги, қаттиқлиги, эластиклиги, чўзилувчанлигига, шунингдек, ишқаланишга, зарбага, атмосфера ва агрессив муҳит таъсирига чидамлилиги, сув ва газ ўтказмаслигига қараб белгиланади. Электроизоляцион Лок пардаси тешувчи кучланишга, солиштирма ва ҳажмий қаршилигига, солиштирма сирт қаршилиги ва диэлектрик сарф (йўқотиш) миқдорига қараб ҳам баҳоланади. Сиртга Лок чутка, жўва билан суркалади, пуркалади ёки бўяладиган буюм Локга ботирилади, баъзан Лок буюмга қуйилади. Локнинг хусусияти ва буюмларнинг турига қараб бўяшнинг маъқул усули танланади.

Лок парда ҳосил қилувчи модданинг кимёвий табиатига кўра, 3 га бўлинади: мойли Лок, смолали Лок, эфироцеллюлоза Л. Мойли локлар—ўсимлик ёғлари ва табиий ёки синтетик смолалар аралашмаси бўлиб, уларни турли усуллар билан суртиш мумкин. Мойли Локни олиш 4 босқич (мойни тайёрлаш; смолани эритиш, Лок асосини олиш ва унга эритувчи қўшиш; цен-трифугалаш ва тиндириш) дан иборат. Асосан, электроизоляцион ва ҳимоя қопламалар ҳосил қилиш учун тунукани бўяшда (консерва банкаси ясаш учун) ишлатилади. Смолали локлар — табиий ёки синтетик смолаларнинг учувчан эритувчилардаги эритмаси. Смолали Локнинг кўпчилигида эритувчи сифатида спирт ишлатилади. Ҳозир синтетик (айниқса, винил) полимерлар ва сополимерлар асосида перхлорвинил, полиэфир, полиэфиракрилат, полиуретан, эпоксид, меламинфор-мальдегид ва мочевина-формальдегид, дивинилацетилен ва кремнийорганик Лок кўплаб ишлаб чиқарилмоқда. Улар иссиқ ва совуққа, кимёвий таъсирларга, агрессив муҳитга чидамли бўлгани учун самолётлар, автомобиллар, кимёвий жиҳозлар, ёғоч, резина, тери, пластмассалар, синтетик газламалар, мис симлар, металлар сиртларини, шиша, керамика ва б. буюмларни бўяш учун ишлатилади. Эфироцеллюлоза локлар — эфир целлюлозасининг учувчан эритувчилар билан ҳосил қилган эритмаси. Таркибида смола ва пластифика-торлар ҳам мавжуд. Улар, одатда, материалларга пуркалади; хона т-расида тез қурийди. Ёғоч ва металл буюмлар, тери, қоғоз ва газламаларни бўяшда, шунингдек, эмаль бўёқлар тайёрлашда ишлатилади.

Сталина Қосимова.

Prev Article

ЛОЙҚА

Next Article

ЛОКАЯТА