ЛОКК

ЛОКК (Locke) Жон (1632.29.8, Рингтон — 1704.28.10, Отс) — инглиз файласуфи, либерализм асосчиси. Асосий фалсафий асари «Инсон ақли тўғрисида тажриба» (1690) инсон билимларининг келиб чиқиши, турлари ва имкониятларини таҳлил қилишга бағишланган. Локк «туғма ғоялар» ва ахлоқ тамойиллари ҳақидаги назарияларни танқид қилиб, барча ғоялар 2 асосий манба — ташқи тажриба (сезги) ва ички тажриба (рефлексия)дан келиб чиқади, дейди. Локк таълимотига кўра, ташқи тажрибанинг манбаи сезги аъзоларимизга таъсир этувчи объектив реаллик, ички тажрибанинг манбаи эса кишининг ички ҳисси ва кечинмаларидир. Локк ўзининг давлат ҳақидаги таълимотида давлат фаолияти энг зарурий нарсалар билан чекланиши ва халқ, суверенитети асосидаги конституциявий ҳукумат бўлиши лозим, деб ҳисоблади. Бу ҳукумат барча учун озодлик ва тенг ҳуқуқлиликни кафолатлаши керак. Шунингдек, ҳокимият бўлиниши лозим. Локк ахлоқий қарашларида сенсуалистик асосларга таянди. Пед. га оид «Тарбий ҳақида баъзи фикрлар» (1693) асарида ташқи муҳитнинг тарбияга ҳал этувчи таъсирини таъкидлади. Диний мутаассибликка қарши чиқиб, дин эркинлигига даъват этди. Диний бағрикенгликка тўрт мактубини бағиш-лади (мактуб 1689, 1690, 1692 ва 1706 й. ларда нашр этилган). Локкнинг ижтимоий-сиёсий концепцияси табиий ҳуқуқ ва ижтимоий шартнома назариясига таянади. У ассоциатив психологиянинг асосчиси. Локкнинг ғоялари Европа фалсафий ва ижтимоийсиёсий тафаккури тарихида катта роль ўйнади.

Loading...