ЛОНДОН (London) Жек (тахаллуси; асл исм-шарифи Жон Гриффит) (1876.12.1, Сан-Франциско — 1916.22.11, Глен Эллен, Сан-Франциско яқинида) — америка ёзувчиси. Ёшлигида жуда кўп касблар билан шуғулланган. 1893 й. да илк бор у Япония соҳилларига денгиз сафарига оддий матрос бўлиб борган. 1894 й. да ишсизларнинг Вашингтонга кўчишида қатнашган, дайдиларча ҳаёт тарзи учун қамоққа олинган, сиёсий ҳаракатларга қўшилган. 1895 й. да АҚШ ишчи партияси, 1901 й. Соцалистик партияга аъзо бўлган. Кейинроқ Калифорния ун-тига ўқишга киради ва кўп ўтмай ўқишни ташлаб кетади. Адабий фаолияти 1893 й. дан бошланган. Ёзувчининг кўпгина ҳикоя тўпламлари, қатор қисса ва романлари шимол мавзуида ёзилган («Бўри боласи», 1900; «Изғирин болалари», 1902 ва б.). «Қор қизи» (1902), «Ҳаёт учқуни» (1907), «Шимолий Одиссея» (1910), «Инсонга ишонч» (1914), «Қадим денгизчилардек» (1917), «Чандиқли одам» (1900), «Олтин дара» (1905) ва б. саргузашт асарлар муаллифи. «Олис ўлкада» (1899), «Аёл мардлиги» (1900), «Гулхан ёқиш» (1910), «Қиш ҳақида қисса» (1904) асарларида табиат билан уйғунлашиб кетган меҳнатсевар индейсларнинг ўзига хос ҳаётини тасвирлаган. «Ёввойи куч» (1905), «Оқсўйлоқтиш» (1906) асарлари ҳайвонот олами ҳақида. «Денгиз бўриси» (1904) «Мартин Иден» (1909), «Уч қалб» (1920) романлари машҳур. Лондоннинг ижодида Г. Спенсер, Ф. Ницше фалсафий таълимотларининг таъсири сезилади. «Мартин Иден» роман-биографиясида бош қаҳрамоннинг паймонаси тўлган чоғда ҳам «яшашга иштиёқи»ни акс эттирган. Унинг индивидуализм таъсирида ёзилган мазкур романида ғарбча «баркамол инсон», яъни «супермен» назарияси ҳам илгари сурилган.
Лондон 16 йиллик ижодий фаолияти мобайнида 19 роман, 18 тўплам (152 ҳикоя), 3 пьеса, 8 автобиографик ва публицистик характердаги китоб яратган. «Ҳаётга муҳаббат» (1961), «Қиш ҳақида» (1962), «Мартин Иден» (1968) ва б. асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.