ЛОТИН АМЕРИКАСИ

ЛОТИН АМЕРИКАСИ (испанча America Latina) — Шим. Американинг жан. қисмида, Рио-Браводель – Норте дарёсидан жан. да (Марказий Америка ва Вест-Индия билан бирга) ва Жанубий Америка жойлашган мамлакатларнинг умумий номи. Умумий майд. 20,5 млн. км2. Л. А. да Антигуа ва Барбуда, Багама Ороллари, Барбодос, Белиз, Гаити, Гватемала, Гондурас, Гренада, Доминика, Доминикана Республикаси, Коста-Рика, Куба, Мексика, Никарагуа, Панама, Сальвадор, Сент-Винсент ва Гренадина, Сент-Китс ва Невис, Сент-Люсия, Тринидад ва Тобаго, Ямайка, Аргентина, Боливия, Бразилия, Венесуэла, Гайана, Колумбия, Парагвай, Перу, Суринам, Уругвай, Чили, Эквадор дав-латлари ва Буюк Британия, Франция, Нидерландия ҳамда АҚШ мулклари жойлашган. Лотин Америкаси аҳолиси этник таркиби жихатидан жуда хилма-хил. Лотин Америкаси мамлакатларида Европадан кўчиб борганлар ва уларнинг авлодлари, метислар, мулатлар, индейслар, негрлар, хитойлар, ҳиндлар ва б. яшайди. 18 мамлакатда давлат тили ёки расмий тил — испан тили, Бразилияда португал тили, Гаитида француз тили, Суринамда нидерланд тили, қолган мамлакатларда инглиз тили. Л. А. ахрлисининг кўпчилиги сўзлашадиган роман тиллари лотин тили негизида ташкил топганлиги сабабли қитъанинг бу қисми «Лотин Америкаси» деб аталади.

Европалик истилочилар босиб олгунларига қадар Лотин Америкаси аҳолиси бўлган индейс қабилалари илк синфий давлатларни вужудга келтирган. Бу халқларнинг айримлари ўз ёзувларини ҳам ихтиро қилишган, шунингдек астрономия, мат. ва тиббиёт фанлари соҳаларида, рангли металларга ишлов бериш, тўқувчилик, қурилиш техникаси, денгизчилик, тасвирий санъатда анча ютуқларга эришишган. 15-а. нинг охирларида X. Колумбнинг Америка қитъасига илк бор бориши бир канча Европа мамлакатлари томонидан Лотин Америкасининг босиб олинишини бошлаб берди. 19-а. нинг бошларига келиб узок, вақт давом этган мустақиллик учун курашлар деярли барча мустамлакаларнинг сиёсий мустақилликни қўлга киритиши б-н якунланди.

Лотин Америкасининг 26 мамлакати аъзо бўлган Лотин Америкаси иқтисодий системаси деб номланувчи регионал иқтисодий ташкилот (қароргоҳи Каракасда) ҳамда 11 мамлакат аъзо бўлган Лотин Америкаси интеграция ассоциация (уюшма)си деб номланувчи савдо-иқтисодий гуруҳ (қароргоҳи Монтевидеода) ташкил этилган. Лотин Америкаси табиий ресурсларга жуда бой. Темир рудаси, боксит, олтин, мис, кобальт, нодир ва ноёб металл конлари, Атлантика океани соҳилида нефть ва газ конлари бор. Тупроғи ва иқлим шароитлари Лотин Америкасида қимматбаҳо тропик ўсимликлар, жумладан какао, шакарқамиш, кофе, цитрус мевалар ва б. ни етиштириш имконини беради. Қисман тропик ва субтропик ўрмонлар сақланиб қолган.

Лотин Америкасининг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакатлари — Бразилия, Аргентина ва Мексика. Л. А. мамлакатлари экспортининг 80%ни хом ашё товарлари ташкил этади, четдан эса, асосан, тайёр маҳсулот келтирилади. Яна Л. А. да жойлашган мамлакатларнинг алоҳида мақолаларига қаранг.

Loading...