ЛУКРЕЦИЙ

ЛУКРЕЦИЙ (Lucretius), Тит Лукреций Кар (мил. ав. тахм. 96 — 55.15.10) — римлик файласуф ва шоир. Лукреций ҳақидаги энг дастлабки биографик маълумотлар мил. 4-а. га тўғри келади, лекин уни ишончли деб бўлмайди. Лукреций фалсафада Эпикуртнг давомчиси. Асосий фалсафий асари — «Нарсаларнинг табиати ҳақида» дидактик достонидир. У қад. даврда материалистик фалсафа изчил баён қилинган ва тўла сақланган ягона асардир. Лукреций фикрича, атом илк материя сифатида нарсалар моҳияти негизини ташкил қилади. Лукреций баъзиларнинг атомларни сезги аъзоларимиз opкали кўрмаймиз, чунки улар йўқ, деган фикрга жавобан, биз шамолни кўрмаймиз, лекин шунга қарамасдан у доимо мавжуддир, дейди. Атомлар хилма-хил. Фазо реал мавжуд. У нарсалардан ташқарида мавжуд, бўшлиқ, вақт эса жисмларнинг ҳаракати ва сукунати билан бевосита боғлиқ. Ҳаракат бўшлиқда содир бўлади. Жисм ва бўшлиқ чексизликни ташкил этади. Ҳар қандай ҳаракат жисмларнинг ўзига хосдир. Ҳаракат сезгилардан яширин майда зарраларда бошланади. У туфайли катта жисмлар ҳаракатга келади. Одамлар зулм ва зўравонликка чек қўйиш мақсадида давлат ва ҳуқуққа асос солганлар. Лукреций тилнинг келиб чиқиши, динларнинг пайдо бўлиши сабаблари ҳақида фикр юритди. Лукреций этикасида азоб-уқубатлар сабабларини бартараф этиш, мўътадиллик, руҳий хотиржамлик муҳим ўрин тутади. Лукрецийнинг атомистик ғояларини 17—18-а. файласуфлари янада ривожлантирдилар.

Loading...