ЛУТ

ЛУТ — Қуръонда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Ҳаррон ш. (Месопотамия)да таваллуд топиб, Иброҳим (ас) билан бирга Фаластинга борган. Садум, Амура ва унинг атрофларидаги ерларда чорвачилик билан шуғулланган. Пайғамбарлик даражасига етишгач, одамларга панд-насиҳат қилади, Аллоҳнинг бирлигига имон келтиришга чақиради. Бироқ ахлоқи бузуқ Садум аҳолиси баччавозлик одатини тарк этмай, унинг ўзини бу юртдан ҳайдаб чиқармоқчи бўлади. Фаришталар унга оиласи ва имонли кишилар билан бирга (хотинидан ташқари, чунки хотини Аллоҳнинг ғазабига учраган) шаҳардан чиқиб кетишни буюрганлиги ривоят қилинади. Қуръоннинг «Ҳижр» сурасида Лут маълум масофага етиб олгач, шаҳар остин-устун қилиб юборилгани, қавм устига сопол тош ёғдирилгани баён этилган. Ҳозир бу динсиз қавм яшаган шаҳар ўрнида денгиз мавжуд бўлиб, у «Ўлик денгиз» деб номланади. Лут пайғамбар номи Библияда «Лот» шаклида келган бўлиб, ундаги қисса Қуръондаги хабардан баъзи жиҳатлари билан фарқ қилади.

Loading...