ЛУТФИЙ

ЛУТФИЙ (1366 – Ҳирот – 1465) , Мавлоно Лутфий — ўзбек шоири, ориф ва мутафаккир. Ўз замонининг «малик ул-каломи». Яқин вақтларгача Лутфийнинг таваллуд топган ва вафот этган жойи Ҳиротнинг Деқиканор мавзеи деб кўрсатиб келинган. Шайх Аҳмад Тарозийнинг Мирзо Улуғбекка бағишлаб ёзилган «Фунун ул-балоға» асари топил гач, ундаги «маъдан ул-латойиф Лутфийи Шоший» жумлаларига асосланиб, Лутфийнинг она ватани Тошкент бўлган, деган фикр ҳам илгари сурилди.

Лутфийнинг ҳаёт йўли сингари, ижодий тақдири ҳам жуда ибратли: у 99 йил яшаган. Умрининг асосий қисми ўқиш, ўрганиш ва бадиий ижод меҳнати б-н ўтган. Навоийнинг «Мажолис уннафоис» тазкирасида маълумот берилишича, Лутфий умрининг охирларида «офтоб» радифли бир шеър ёзган, ўша замоннинг кўп шоирлари унга татаббуъ қилганлар, аммо улардан ҳеч бири Лутфийнинг «панжасига панжа» ура олмаганлар. Навоийнинг ёзишича, Лутфий 90 ёшдан ўтганда, Абдураҳмон Жомий отиға радифи «сухан» сажъ қасидае айтиб эрдики, замон хушгўйлари барча хўблиққа мусаллам» тутмишлар («Насойим ул-муҳаббат»).

Лутфий ҳам зоҳирий-дунёвий, ҳам динийтасаввуфий илмларни чуқур эгаллаган, давр ва замонига очиқ назар билан қарашга қодир, ҳақиқат ва маърифатга содиқ ижодкор эди. Навоий сўзи билан айтганда, у «форсий ва туркийда назири йўқ» шоир бўлган. Лутфий гарчи ўз она тили — туркий тилда яратилган шеърлари билан машҳурликка етишган бўлсада, форсийда ҳам ўзининг шоирлик иқтидори ва маҳоратига кўпчиликни иқрор эта олган. Иккинчидан, Лутфий шеърият билан тариқатни, мажоз билан ҳақиқатни уйғунлаштирган эди. Аммо у сўнгги нафасигача шоирлик бурчи ва илҳомига содиқ қолиб, ўзбек шеърияти хазинасини бири биридан қимматли назм дурдоналари билан бойитди. Шу билан бир қаторда, шоирлик нечоғлик «маъруф ва машҳур» бўлмасин, «дарвешлик тариқини дағи иликдан» (Навоий) чиқармаган эди. Худди шу нарса унинг нафақат ўз замондошлари ва ижод аҳли орасида, балки давр ҳукмдорлари олдида ҳам юқори мавқега кўтарилишига бир асос бўлган.

Ҳақиқатан қам Лутфийнинг шеърияти — хилма-хил шакллардан таркиб топган мазмундор, рангин шеърият. Бизгача шоирнинг 16—20-а. лар мобайнида кўчирилган туркий девонининг 33 қўлёзма нусхаси етиб келган бўлиб, улар Тошкент, Душанба, Истанбул, Теҳрон, Лондон, Париж, Санкт-Петербург кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланади. Олим Э. Аҳмадхўжаевнинг аниклаши бўйича, Лутфий каламига мансуб мавжуд шеърларнинг умумий миқдори 2774 байт ёки 5548 мисрадан ортиқ. Уларнинг катта қисми (2086 байти) ғазал жанрида ёзилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Лутфий ғазалнавис сифатида Шарқ адабиётида барқарорлашган адабий-эстетик анъаналар билан халқ оғзаки ижодиёти тажриба тамойили ва усулларини ниҳоятда моҳирлик билан мувофиқлаштирган. Шу боисдан ҳам унинг ғазалларида миллий ҳис-туйгулар нурланиб, инсоний дард, армон, қайғу ва шодлик тасвири такрорсиз бир таъсирчанлик касб этган. Лутфий наинки газалларида, рубоий, туюқ, қитъа, фардга ўхшаш бошқа жанрлардаги шеърларида ҳам нафосат ҳисси шаклланган, дид ва са-вияси баланд кишиларнинг — зукко ва ҳаётсевар халқ вакилларининг фик-ру туйғуларини тараннум этган. Шоирнинг: Сенсан севарим, хоҳ инон, хоҳ инонма, Қондур жигарим, хоҳ инон хоҳ инонма, — каби мисраларини ўқиганда, уларнинг бундан бир неча аср муқаддам ёзилганига баъзан ишониш ҳам қийин бўлади. Чунки улар шу даражада содда, оғзаки нутққа яқин ва китобий безакдорликдан йироқ ва самимийдир.

Лутфий девонидаги бош мавзу ишқ ва асосий мақсад ошиқнинг ҳасбу ҳолини тасвирлашдан иборат бўлсада, шоир деярли ҳар бир шеърида мавзуга янгича ёндашиб, бетакрор оҳанглар яратади, моҳиятига мос поэтик образлар топади, бир-бирига ўхшамайдиган бадиий санъатларни қўллайди. Лутфий девонида ташбеҳ, талмеҳ, тазод, ийҳом, хусусан, ирсоли масал санъати намоён бўлган. Лутфий рубоий, туюқ, қитъаларини ҳам санъат намунаси мақомига кўтара олган.

Яқин-яқингача «Гул ва Наврўз» достони Лутфий асари деб келинган эди. Кейинги тадқиқотлар натижасида бу достон муаллифи Ҳайдар Хоразмий эканлиги аниқланди. Лутфий — туркий шеъриятда мактаб яратган санъаткор. Бу ижод мактабидан Алишер Навоий ва Мирзо Бобур сабоқ олишган. Роқим, Амирий, Султонхон тўра Адо, Табибий сингари шоирларнинг девонларидан.

Лутфий ғазаллари илҳомида битилган мухаммаслар жой олган.

Лутфий шеъриятининг таъсири фақат Ўрта Осиё билан чегараланиб қолмасдан, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига ҳам етиб борган. Атоқли турк олими М. Ф. Кўпрулизоданинг эътироф этишича, Лутфийнинг шеърлари ёлғиз чиғатой шоирлари орасида эмас, балки «Харобот» муаллифи Зиё Пошога қадар бўлган усмонли турк шоирлари орасида ҳам завқ билан ўқилган.

Ас: Танланган асарлар [2-нашри], Т., 1968; Сенсан севарим… Т., 1987.

Ад.: Навоий, Мукаммал асарлар туплами [20 жилдли], 17-ж., Т., 2001; Эркинов С, Лутфий (ҳаёти ва ижоди), Т., 1963; Аҳмадхўжаев Э., Туркий назмнинг сеҳргари, Т., 1992.

Иброҳим Ҳаққулов.

Loading...