МАДАНИЙ ЛАНДШАФТ

МАДАНИЙ ЛАНДШАФТ — муайян мақсад билан (биологик ҳосилни ошириш; рекреация, аҳоли турар жойларини бунёд этиш ва ҳ. к.) илмий асосда ва инсонлар манфаатини кўзлаб оқилона ўзгартирилган ландшафтлар. Маданий ландшафтда унумдорлик, иқтисодий самарадорлик энг юқори, кишилар ҳаёти учун зарур шароит қулай, табиий муҳит соглом ва гўзал бўлиши керак. Маданий ландшафтга чўл ўртасида бунёд этилган воҳалар, зайтун, чой, банан, цитрус плантациялари, қ. х. ўсимликлари экиладиган далалар, ўрмонлар ўрнида барпo қилинган пичанзор, яйлов, боғ, кўчатзор, ўрмонзор парк ва б. мисол бўла олади. Маданий ландшафтнинг ўзгариши, табиатнинг ривожланиши ва унга инсон томонидан киритиладиган ўзгартиришлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар билан тавсифланади. Ҳар бир ландшафт каби Маданий ландшафт маҳсулдорлик хусусиятига эга. Маҳсулдорлик эса Маданий ландшафтнинг табиий хусусиятлари ва инсоннинг ўзгартирувчи ҳаракатига боғлиқ. Маданий ландшафтда рельеф морфоструктураси белгилари, геологик тузилиши, табиий иқлимнинг асосий хусусиятлари сақланади ва у зоналлик ҳамда азоналликнинг таъсирида бўлади. Маданий ландшафтни онгли равишда тузиш нафақат ландшафт компонентлари, балки унинг морфологик таркибий қисмлари (маскан, фация) орасидаги боғлиқликни ўрганишга асосланади. Маданий ландшафт биринчи навбатда номақбул табиий жараёнларнинг олдини олиш, инсон ҳаёти учун соғлом муҳитни яратиш, ҳудудни оқилона ташкил қилиш (табиий ландшафтнинг муҳофаза қилинаётган элементлари — қ. х. ерлари, турар жой массивлари, саноат корхоналари ва ҳ. к. орасидаги илмий жиҳатдан асосланган нисбат)ни кўзда тутади. Ландшафтшуносликнинг муҳим вазифаси унинг тури, ўзгариши ва маҳсулдорлигини ошириш йўлларини ўрганишдан иборатдир. Бу йўналишда ландшафтшунослик қ. х. билан бирикади.

Loading...