МАГНЕТОКИМЁ

МАГНЕТОКИМЁ — физик кимёнинг бўлими. Моддаларнинг кимёвий тузилиши ва магнит хоссалари орасидаги ўзаро муносабатни, шунингдек, магнит майдонининг кимёвий бирикмаларнинг реакцияга киришиш қобилиятига таъсирини ўрганади. Магнетокимё моддаларнинг тузилиши, кимёвий боғланиш характери, бирикма, ассоциация ва полимерланган молекулаларда элементларнинг валент ҳолатлари, жисмнинг магнит сингдирувчанлиги ёки магнитланиши, бунинг т-ра ва майдоннинг кучланганлигига қараб ўзгариши ва б. ни текширади. Атомлар, ионлар ва молекулаларнинг магнит моментини Магнетокимё ёрдами билан билиш мумкин. Атомларнинг магнит моменти атом хоссаларининг даврийлигини кўрсатади. Маълум бирикманинг кимёвий тўйинганлиги қанча юқори бўлса, магнит моменти (бир хил шароитда) шунча кам бўлади. Эркин радикаллар ва эркин валентликларни магнит моменти асосида аниқлаш мумкин. Кимёвий бирикмаларнинг тузилишини аниқлашда, моддаларнинг тузилиши ва таркибини, кимёвий реакциялар боришини ҳамда ҳосил бўлган модда сифатини текширишда Магнетокимё усуллари муҳим аҳамиятга эга. Кимёвий мувозанат, кимёвий реакциялар кинетикаси ва механизмига магнит майдонининг таъсирига оид тадқиқотлар Магнетокимёнинг истиқболли йўналишларидан ҳисобланади. Молекулаларнинг кимёвий тузилиши ва магнит хоссалари орасидаги боғланишни аниқлашга йўналтирилган магнит резонанс (ЭПР, ЯМР ва б.) тадқиқотлари Магнетокимёга суянади.

Ад.: Карлин Р., Магнетохимия, пер. с англ., М., 1989.

Loading...