МАГНИТ КАЛЛАК

МАГНИТ КАЛЛАКтовуш (нутқ, мусиқа)ни магнит лентата ёзиб олиш (ўчириш) ёки қайта эшиттириш учун мўлжалланган қурилманинг асосий қисми. У, асосан, ўзак (магнит ўтказгич) ва бир ёки бир неча чулғамдан иборат. Магнит каллак ўзагида магнит лента билан каллакнинг магнит алоқасини таъминловчи иш оралиғи (слюда, бронза билан тўлдирилган бир неча мкм оралиқ) бор. Ўзак магнит оқимини тўплаш, чулғам эса электр сигналларни келтириш ёки кетказиш учун хизмат қилади. Ўзак темирникель қотишмалар, алюминий қотишмалари, ферритлар ва пермаллойдан ясалади, чулғамлар электр ўтка-зувчи симлардан ўралади. Товушни ёзиб олиш ёки эшиттиришда Магнит каллак ўзаги магнит лентага тегиб туриши (контактли ёзув) ёки ҳаволи тирқиш билан ундан ажралиб туриши (контактсиз ёзув) мумкин. Контактли ёзиб олиш усулида товушни ёзиш (ўчириш) пайтида чулғамга келадиган электр сигналлар (раемга қ.) ўзакда магнит оқимини вужудга келтиради, магнит оқими олинаётган сигналга монанд равишда иш тирқиши яқинидаги қолдиқ магнитланганлик даражасини ўзгартиради. Товушни қайта эшиттиришда эса фойдали сигнал (электр юритувчи куч) магнит лента М. к. га нисбатан ҳаракатланганда вужудга келувчи магнит индукция натижасида пайдо бўлади. Магнит каллакнинг фойдали магнит оқими ўзгаришларига сезгир; яримўтказгичли; ўзак ўзгаришларига асосланган; магнит майдон билан электрон нурнинг ўзаро таъсирига асосланган ва б. хиллари бўлади. Магнит каллак видеомагнитофонлар, диктофонлар, магнитофонлар, ЭҲМ хотира қурилмалари ва б. радиотехника ҳамда электрон қурилмаларда кенг ишлатилади.