МАГНИТ

МАГНИТ (юн. magnetis, Magnetis litpos — айнан Кичик Осиёдаги қад. шаҳар Магнесия номидан) — магнитланган ферромагнит ёки ферромагнит (яъни магнитловчи майдон таъсири олинганидан кейин ҳам катта магнит индукция хоссасини сақлайдиган) матери-аллардан ясаладиган тақасимон полоса ва б. шаклдаги буюм (жисм). Одатда, Магнит ҳаво тирқишида, мас, тақасимон Магнитнинг қутблари орасида магнит оқими вужудга келтиришга хизмат қилади. Ҳаво тирқиши Магнитнинг магнит индукцияси (демак, магнитланганлиги)ни камайтиради. Магнит темир, никель ва баъзи металларни тортиш қобилиятига эга. Эркин осиб қўйилган Магнит (мас, компаснинг магнит мили) Ернинг магнит майдонида ўз-ўзидан шундай жойлашиб қоладики, унинг қутбларини бирлаштирувчи чизиқлар тахм. меридиан бўйлаб йўналади. Шунда Магнитнинг шим. га қараган учи Шим. қутб, жан. га қараган учи Жан. қутб деб аталади. Магнитланиш электр токи билан вужудга келтириладиган Магнит электромагнит деб аталади. Магнит радиоэлектроника, радиотехника, автоматикада мустақил доимий магнит майдони манбаи сифатида кенг қўлланилади. Ўта ўтказувчан материалдан ясалган чулғамли соленоид ёки электромагнит ўта ўтказувчан Магнит деб аталади. У моддаларнинг магнит, электр ва оптик хоссаларини тадқиқ қилишда; плазма, атом ядролари ва элементар зарраларни ўрганишга дойр тажрибаларда кенг қўлланилади.

Loading...