МАГНИТОМЕХАНИК ҲОДИСАЛАР

МАГНИТОМЕХАНИК ҲОДИСАЛАР — магнитли микрозарраларнинг магнит моменти билан механик моменти орасидаги боғланишга дойр ҳодисалар. Атом ядроси атрофида зарралар (электрон, протон, нейтрон)нинг ҳаракати туфайли атомда магнит моменти ҳосил бўлиши билан бирга механик момент ҳам юзага келади. Ферромагнит жисмларни магнит майдонта жойлаштирилса, атомлар магнит момент йўналишини майдон йўналиши бўйича ўзгартиради. Бундай ўзгариш эса, ўз навбатида, атомларнинг механик моменти ўзгаришига олиб келади. Лекин жисмнинг тўлиқ механик моменти (ҳаракат миқдори) ўзгармайди, жисм атомларининг механик моменти йўналишига тескари ҳаракат микдори моменти ҳосил бўлади, у ҳолда жисм айланма ҳаракатланади. Буни соленоидда эластик ипга осилган металл стерженда кузатиш мумкин. Агар соленоиддан электр токи ўтказилса, металл стержень магнитланади ва айланма ҳаракатланади. Бунда ҳаракат миқдорини ипнинг буралишидан аниқланади (тажрибани 1915 й. да А. Эйнштейн ва голланд физиги В. де Хааз амалга оширган). Бу тажрибада металл стержень ўз ўқи атрофида тез айлантирилса ташки магнит майдон бўлмаганда ҳам (яъни соленоидда электр токи бўлмаса хам) стержень магнитланишини кузатиш мумкин. Бу эффектни америкалик олим С. Барнетт 1909 й. да кузатган. Магнитомеханик ҳодисалар, айниқса, атом тузилишини ўрганишда муҳим. Магнитомеханик ҳодисалар ҳар хил жисмларнинг магнит хоссаларини аниқлашга имкон беради.

Loading...