МАГНИТООПТИКА

МАГНИТООПТИКА, магнетооптика — магнит майдони таъсирида муҳитнинг оптик хоссалари ўзгаришини ўрганадиган физика бўлими. Магнит майдонидан ёруғлик ўтказилганида қутбланиш текислигининг айланиши (Фарадей эффекти), спектр чизиқларнинг қўшимча чизиқларга ажралиши (Зееман эффекти) каби ҳодисалар рўй беради. Магнитооптикада магнит майдонига тик ва шу майдон йўналишидаги ёруғлик жисмга тушганида ҳар хил ютилиши, магнит майдони таъсирида муҳитнинг оптик анизотропияен кузатилади. Муҳит сиртидан ёруғлик қайтганида оптик анизотропия ҳам рўй беради.

Магнитооптика 20-а. 60 — 70-й. ларида жадал ривожланди: яримўтказгичлар, феррит ва антиферромагнетик сингари кристалларнинг хоссалари яхши ўрганилди. Бундай материаллардан ёруғлик қайтганида ёки ютилганида (кучли магнит майдонида) янги спектрал сериялар — Ландау спектрлари пайдо бўлар экан. Бу спектрларнинг ажралиши электроннинг хусусий спини билан боғлиқ. Магнитооптикада Зееман эффекти ҳам ўрганилади. Шаффоф феррит ва антиферромагнетиклар, диамагнетик ва парамагнетикларга Караганда асосий ролни бу муҳитларнинг ички магнит майдонлари ўйнайди (бундай майдонларнинг кучланганлиги 105 — 106 Э гача етади), бундай материаллар жуда тез (кучли) магнитланиш хусусиятига эга бўлади (Керр эффекти). Шу сабабли, шаффоф феррит ва антиферромагнетиклар лазер нурларини бошқаришда, электрон-ҳисоблаш машиналарида ва б. да ишлатилади. Магнитооптика усуллари жисмларнинг квант ҳолатларини, физиккимёвий тузилишини текшириш, тахлил қилиш ва б. соҳаларда жуда кўп ишлатилади.