МАГОМАЕВЛАР

МАГОМАЕВЛАРозарбайжон санъаткорлари сулоласи. Магомаев Абдулмуслим Магомет ўғли — композитор, Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1935). Миллий мусиқа театри ассочиларидан, биринчи озарбайжон дирижёри. 1911 й. дан У. Ҳожибеков ташкил этган миллий опера гуруҳида ишлаган. Озарбайжон опера ва балет театри директори ва бош дирижёри. Композиторлик ижодида Европа мусиқа тамойиллари б-н халқ қўшиқчилик санъатини узвий боғлашга интилган. «Шоҳ Исмоил» мугом операси (1916), «Наргиз» операси (1935; 1938 й. да Ўзбек мусиқали театрида саҳналаштирилган), оммавий қўшиқлар, симфоник асарлари машҳур. 300 дан ортиқ халқ куйларини тўплаб, биринчи озарбайжон халқ қўшиқлари тўпламини нашр этган (1927, У. Ҳожибеков билан биргаликда).

Магомаев Муслим Магомет ўғли (1942.17.8, Боку) — опера ва эстрада хонандаси (баритон). Абдулмуслим Магомаевнинг невараси. Халқ артисти (1973). Миландаги «Ла Скала» театрида малакасини оширган (1964—65). Озарбайжон консерваториясини тугатган (1968). 1963 й. дан Озарбайжон опера ва балет театрида яккахон хонанда. Озарбайжон давлат эстрада-симфоник оркестри ташкилотчиси ва бадиий раҳбари (1975—89). Кучли ва нафис овоз соҳиби. Ижро услубига бадиий кўтаринкилик, жўшқинлик хосдир. Концерт репертуаридан Европа ва озарбайжон операларидан ариялар, шунингдек, романс, эстрада ва халқ қўшиқлари ўрин олган. Бир неча қўшиқлар муаллифи. Америка, Европа ва Осиё мамлакатларида, шу жумладан, бир неча марта Ўзбекистон (1966, 1972 ва б.)да гастролда бўлган. Халқаро эстрада хонандалари танловлари (Канн, Сопот, 1969) ғолиби.

Loading...