МАҲАРАШТРА

МАҲАРАШТРА — Ҳиндистондаги штат. Ҳиндистон я. о. нинг шим.-ғарбий қисмида. Майд. 308 минг км2. Аҳолиси 97 млн. киши (2001), аксари маратхдар. Аҳолисининг 80% ҳинду динига эътиқод қилади. Маъмурий маркази — Мумбай (Бомбай) ш. М. нинг ер юзаси тоғлик, соҳили камбар пасттекислик. Иқлими муссонли, соҳилида иссиқ ва сернам, ички р-нларида қуруқ иқлим. Декан ясситоғлигида унумдор қоратупроқяар учрайди. Маҳараштрада фойдали қазилмалардан марганец, темир рудалари, хромит, оҳактош ва кўмир қазиб олинади. Штатнинг жан.-ғарбида боксит конлари бор.

Маҳараштра тўғрисидаги дастлабки маълумотлар милод бошларига оид. Маҳараштра ҳудуди қадимда Чалуклар, Баҳманийлар, Аҳмаднагар ва б. майда давлатлар таркибвда бўлган. 17-а. нинг 60—70-й. ларида маратхлар давлати тузилган. 18-а. да у майда ҳокимликларга бўлиниб кетган. 19-а. бошида бу ҳокимликларни ОстИндия компанияси босиб олган. 1950 й. гача Маҳараштранинг кўп қисми Бомбай вилояти, 1950 й. дан Бомбай штати таркибида бўлган. 1960 й. да Маҳараштра алоҳида штат қилиб ажратилган.

Маҳараштра — Ҳиндистоннинг энг ривожланган штатларидан. Аҳолисининг 61% қ. х. да банд. Штат пахта (Ҳиндистонда етиштириладиган пахта ҳосилининг 1/5 қисми) ва ер ёнғоқ ҳосили олишда мамлакатда 1-ўринда. Экин майдонининг кўп қисмига жовар, буғдой, шоли ва б. донли экинлар экилади. Шакарқамиш экиш кенгаймоқда. Ишланадиган ерларнинг 8% суғорилади. Штат ғарбидаги 1,5 млн. га ерда боғдорчилик (банан, манго, папайи, кэш ёнғоғи ва б. етиштиришга ихтисослашган) қилинади.

Маҳараштрада мамлакат ишлаб берувчи саноат маҳсулотининг 1/4 қисми ишлаб чиқарилади. Штат даромадининг 25% саноатдан келади. Саноатининг етакчи тармоғи — ип газлама саноати (мамлакатда ишлаб чиқарилаётган калава ипнинг 25%, газламанинг 33%). Тўқимачилик саноатининг энг йирик маркази — Мумбай ш. Шунингдек, шойи тўқиш (сунъий тола и. ч. бўйича мамлакатда 1-ўринда), озиқ-овқат (шакарқанд, ёғмой, ун тортиш ва б.), тамаки ва қоғоз саноатлари ҳам ривожланган. Машинасозлик (станоксозлик, электр машинасозлиги, автомобилсозлик), кимё (бўёқлар, сунъий тола, доридармон ва б.) ва нефть кимёси саноати корхоналари бор. Янги саноат тармоқлари, асосан, Мумбай — Тхана — Пуна саноат зонасида тўпланган. Нагпур, Шалапур каби саноат марказлари хам мавжуд.

Мумбай порти орқали Ҳиндистон импортининг 1/2 қисми ўтади. Штатда яна 48 порт ишлаб турибди. 24 аэропорт бор. Т. й. узунлиги 5396 км. Штат электр энергияси и. ч. бўйича 1-ўринда, Тарапурда Ҳиндистонда биринчи атом электр ст-яси қурилган. Штатда 13 олий ўқув муассасаси бор.

Loading...