МАЖДИДДИН МУҲАММАД

МАЖДИДДИН МУҲАММАД, Хожа Маждиддин Муҳаммад Хавофий (? — 1494 й. авг.) — Ҳусайн Бойқаро давлатининг йирик мансабдор шахсларидан бири, вазир (1487—1490). Отаси Ғиёсиддин Пир Аҳмад Хавофий Ҳиротда Шоҳрушинг вазири (1417—47) бўлган. Маждиддин Муҳаммад Абу Саид даврида оддий мирза, сўнгра Ҳусайн Бойқаронинг жияни Мирзо Муҳаммад Султоннинг вазири бўлган. Султон Ҳусайн Бойқаро ундан Маждиддин Муҳаммадни сўраб олиб, парвоначи мансабига ўтқазган (1472), М. М. сарой ва мамлакатдаги ишлар хусусида султонга ахборот берар, қабул қилинган қарорларни ёзиб олар ва ўз муҳрини султон муҳри билан ёнмаён қўярди; шу туфайли ҳукмдорларнинг ноиби (ўрин-босари) ҳисобланган. Бироқ Маждиддин Муҳаммад билан Алишербекнинг ўзаро муносабатлари мураккаб эди. Бунинг устига сарой вазирлари Низомулмулк ва Хожа Афзалиддин Муҳаммадлар Маждиддин Муҳаммадга қарши фитна қўзғатиб, уни султонга қоралай бошлаб, Маждиддин Муҳаммадни 60 минг динор тўлашга мажбур этишган. У парвоначи мансабини сақлаб қолган, бироқ девон ишларига аралашмаслиги лозим бўлган (1478 й.). 1487 й. Алишербек Астробод ҳокими этиб тайинлангач, Маждиддин Муҳаммад девон ишларига яна аралаша бошлаган, дастлабига у маълум ҳокимиятга эга бўлмаган. Хазина бўшаб қолиб, султонга 2 туман пул зарур бўлиб қолганда Маждиддин Муҳаммад султонга нафақат 2 туман балки 2000 туманни ҳам осонлик билан топиши мумкинлигини айтади. Эртаси куни Маждиддин Муҳаммадга кенг ваколатлар берилади: унга ҳукмдор номидан муҳр босиш, барча ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ҳуқуқи берилади. Маждиддин Муҳаммад «салтанат ва подшоҳликнинг ишончли кишиси» унвонига эга бўлган. Амалдорлар порахўрликлари учун жавобгарликка тортилган ва қисқа мудцат ичида улардан 2000 туман пул тўплаб олинган.

Алишербек 1490 й. Ҳиротга қайтгач, Маждиддин Муҳаммаднинг таъсири заифлаша бошлаган. Балхда Дарвешали қўзғолон кўтарганлиги ҳақидаги хабар Ҳиротга етиб келганда, султон Ҳусайн Бойқаро давлат манфаатларини кўзлаб, Маждиддин Муҳаммадни вактинча ҳокимиятдан четлаштиради. Маждиддин Муҳаммадни барлос беклари, машҳур суфий шоир Абдураҳмон Жомий қўллабқувватлайди.

Маждиддин Муҳаммад барлос беклари ёрдамида султон қабулига киришга муваффақ бўлади, у ҳукмдорга 20 минг динор пешкаш қилади, лекин орадан бир неча кун ўтгач, барлос беклари ва Маждиддин Муҳаммад ҳибсгаолинади. Маждиддин Муҳаммад барча гунохларни ўз бўйнига олган. Унинг мол-мулки тафтиш қилинганда ҳеч ким кутмаган нодир, қимматбаҳо буюмлар топилган. Маждиддин Муҳаммад бир қанча тўлов шартномаларга имзо чеккач, озод қилинган. Маждиддин Муҳаммад фарангилар (европаликлар) карвони билан Кирмонга қочади, у ердан Маккага, ҳаж зиёратига жўнайди, бироқ манзилга ета олмайди, йўлда, Арабистондаги Тобук деган ерда вафот этади.

Ад.: Бартольд В. В., т. II часть II, Сочинения, Маждиддин муҳаммад, 1964; Бобурнома, Т., 1989.

Турғун Файзиев.

Loading...