МАЖОЗ

МАЖОЗ, аллегория — адабийбадиий усул ёки образлилик тури; мавҳум тушунча ёки мулоҳазани аниқ бир образ воситасида ифода этиш. Мажозда 2 тушунча орасидаги яқинликка асосланиб, янги шартли ифода яратилади. Маънавий қадриятлар (ҳақиқат, муҳаббат, виждон, имон каби)ни англатувчи умумий тушунчалар билан бирга маълум типик ҳодисалар, характерлар, мифологик персонажлар, ҳатто аниқ шахслар ҳам Мажоз ўрнида келиши мумкин. Мажознинг образли-предметли ва маъ-ноли каби икки томони мавжуд бўлиб, маъноли томон бирламчи, образли-предметлиси иккиламчидир. Чунки образда ҳамиша олдиндан маълум бўлган фикр қайд этилади. Шу туфайли ма-жозий образ, оддий бадиий образдан фарқли равишда, махсус шарҳни талаб қилади.

Мажоз асарнинг бадиий-эстетик қимматини, таъсир кучини оширишга хизмат қиладиган воситалардан. Шарқ фольклори ва адабиёти намуналарида Мажознинг турли шакллари кўплаб учрайди. Айниқса, Жалолиддин Румий, Фаридиддин Аттор, Жомий, Алишер Навоий, Бедил ижодида ўта шартли мажозий ва рамзий образлар мавжуд бўлиб, уларнинг кенг миқёсли мазмуни предмет образга сиғмайди. Кўпмаънолилик ва фалсафий теранликка, умумбашарий ғоялар ва масалаларга бойлик ҳамда бадиий юксаклик кўплаб машҳ-ур асарларда ана шундай мажозий образлар воситасида эришилган. Ўрта ас-рлар адабиёти ва классицизм санъатида мажозий шакллар адолат, эзгулик ва ёвузлик ҳақидаги ғояларни мифологик образлар воситасида ифодалаш учун, 19-а. рус адабиётида эса цензурани назарда тутиб ҳам қўлланган (мас, Салтиков-Шчедрин эртаклари ва б.). Маньеризм, барокко, хусусан, романтизм эстетикасида Мажоз кенг ўрин эгаллаган. Европа адабиёти ва санъатига қадимги, дидактик характердаги Мажоз ёт бўлиб, бу ерда у, асосан, воқеаликни эстетик идрок этишнинг мажозий образли шакли, яъни адабийбадиий усул сифатидагина фойдаланилган (П. Шелли, Гёте, Г. Ибсен, А. Франс, С.Шчедрин ва б.).

Бадиий адабиётдаги кўпчилик мажозий образлар фольклордан, асосан, ҳайвонлар хақидаги эртаклардан олинган (бўри—очкўзлик, тулки—айёрлик тимсоли каби). Мажоз турли жанрларда, айниқса, масал, рамз, ривоят, ҳажв, парабола ва б. да кенг қўлланади. Шу билан бирга, у реалистик йўналишдаги ёзувчилар (Пушкин, Гоголь. Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов ва б.) ижодида ҳам учрайди. Ўзбек адабиётидаҲамза, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ғайратий, кейинчалик Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи кабилар ижодида Мажознинг турли намуналари мавжуд.

Тасвирий санъатда Мажоз баъзи мавҳум маъно ва тушунчаларни аниқ ва тасаввур эта оладиган қиёфа, шаклларда тасвирлашни англатади. Мас, адолатпарварлик — қўлида тарозу кутариб турган кузи боғлиқ аёл; гўзаллик ва нафосат — маъбуда Афродита қиёфасида намоён бўлади. Мажоз тасвири унинг нима маъно ёки тушунчага қиёс этилаётганини тушунтирадиган унсурлар билан ифодаланади. Жумладан, санъат М. и бўлган Аполлоннинг қўлида арфа тасвирланган. М. Юнон ва Рим, Италия Уйғониш санъатида, шу санъат анъаналарини давом эттиришда кенг ишлатилган. 19—20-а. лар реалистик санъатида Мажоз ижтимоийсиёсий маънога эга бўлди. 20-а. да Мажоз маҳобатли ҳайкалтарошлик ва рангтасвирда, шунин-гдек, плакат ва сиёсий ҳажвий (карикатура) асарларида кенг тарқалди.

Loading...