МАКЕДОНИЯ

МАКЕДОНИЯ (Makedonija), Македония Республикаси (Republika Makedonija) — Жан. Европада, Болқон я. о. нинг марказий қисмида жойлашган давлат. Майд. 25713 км2. Аҳолиси 2,046 млн. киши (2001). Пойтахти — Скопье ш. Маъмурий жиҳатдан 30 туман (район)га бўлинади.

Давлат тузуми. Македония — республика. Амалдаги конституцияси 1991 й. 17 нояб. да қабул қилинган, 1992 й. 6 янв. да тузатишлар киритилган. Давлат бошлиги — президент (1999 й. дан Борис Трайковский), умумий тенг ва тўғри яширин овоз бериш йўли билан фукаролар томонидан 5 й. мудцатга сайланади. Қонун чиқарувчи олий органи — Мажлис (бир палатали парламент). Ижроия ҳокимият — раис ва вазирлардан иборат ҳукумат.

Табиати. Македония ҳудудининг кўп қисмини ўртача баландликдаги (2764 м гача) тоғлар эгаллайди. Улар оралиғида даралар ва даре водийлари бор. Тез-тез зилзила бўлиб туради. Иқлими — мўътадилконтинентал, жан. да Ўрта денгизга хос иқлим. Ўртача т-ра янв. да 5° — 7°, июлда 24°—26°. Ўртача йиллик ёғин 500 мм. Асосий дарёлари — Вардар ва Струмица, катта кўллари — Охрид, Преспа. Тоғ ён бағирларида — аралаш ўрмон (асосан, дуб ва бук) ҳамда бутазорлар, 2000 м дан баландда — тоғ яйловлари, Фойдали қазилмалардан хромит, марганец, қалайрух, мис ва темир рудалар, сурма, уран, магнезит конлари бор.

Аҳолисининг 66,5% македонлар; албанлар (22,9%), турклар (4%). лўлилар (2,3%), серблар (2%), мусулмон-славянлар (2,1%) ҳам яшайди. Расмий тилмакедон тили. Диндорларнинг кўпчилиги — православ христианлар; сунний мусулмонлар ҳам бор. Аҳолисининг 54% шаҳарларда яшайди. Йирик шаҳарлари: Скопье, Битола, Прилеп, Куманово, Охрид.

Тарихи. М. Республикаси 1918 й. да Сербия таркибидаги Серб, хорват ва словенлар қироллиги (1929 й. дан — — Вардар Македонияси ҳудудида ташкил топган (қ. Македония, тарихий вилоят).

Югославия қироллитида юқори мавқега эга бўлган серб ҳукмрон доиралари миллий зулм сиёсатини ўтказиб, «Македония» номини расмий иборадан чиқариб ташладилар, Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий асоратга, буюк серб зулмига, жумладан, мажбуран серблаштириш сиёсатига қаршилик ҳаракати вужудга келди. Илғор ижтимоий кучлар фаоллик кўрсата бошлади.

1941 й. апр. да Вардар Македония сининг кўп қисмини Болгария, қолган ерларини Италия босиб олди. Босқинчиларга қарши халқ қуролли курашга отланди. 1945 й. да Македония озод этидди ва Югославия Федератив Халқ Республикаси таркибидаги 6 республиканинг бирига айланди. 1991 й. 25 янв. да Македония суверенитета ҳақида Декларация қабул этилди ва ўша йили 17 нояб. да Македония суверен, мустақил, демократик республика деб эълон қилинди. Македония — 1993 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР билан дипломатия муносабатини 1994 й. 31 дек. да ўрнатди. Миллий байрами — 2 авг. — Республика куни.

Сиёсий партиялари, касаба уюшмалари. Умуммакедония инқилобий ташкилоти — М. миллий бирлиги демократик партияси, 1990 й. да тузилган; Демократик альтернатива партияси, 1998 й. да ташкил этилган; Либералдемократик партия, 1997 й. да тузилган; М. демократик партияси; Албанлар демократик партияси; М. социалдемократик иттифоқи, 1943 й. да М коммунистлар иттифоқи номи билан тузилган ва 1991 й. 20 апр. дан ҳоз. номи билан юритилади; М. социалистик партияси, 1990 й. да асос солинган. Македония касаба уюшмалари конфедерацияси.

Хўжалиги. Македония — индустриал-аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 55,6%, қ. х. нинг улуши 16,8%. Қора ва рангли металлургия, машинасозлик, кимё-фармацевтика саноати, кончилик ривожланган. Полимер, айрим турдаги станоклар, са-ноат асбобускуналари, қ. х. машиналари, автодеталлар, совиткичлар ишлаб чиқарилади. Бинокорлик ашёлари, ўтга чидамли материаллар, шиша, чинни и. ч. йўлга қўйилган. Тўқимачилик, о. зиқ-овқат, ёғочсозлик, кўн-пойабзал, тамаки саноати, виночилик ривож топган. Йилига 5,8 млрд. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. Ҳунармандчилик ривожланиб бораётир.

Қ. х. да деҳқончилик устун. Тамаки, пахта, сезам, узум, сабзавот ва мевалар, озиқ-овқат экинларидан буғдой, маккажўхори, шоли экилади. Қўйчилик ва қисман, қорамолчилик, паррандачилик, баликчилик билан шуғулланилади. Ўрмонларда ёғоч тайёрланади. Сайёҳлик яхши йўлга қўйилган.

Т. й. узунлиги — 0,7 мин г км, автомобиль йўллари уз. — 10,6 минг км. Четга кийим-кечак, газмол, машина ва асбоб-ускуна, доридармон, мебель, қ. х. маҳсулотлари сотади. Пул бирлиги — денар.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Македонияда 7—15 ёшдаги болалар учун 8 й. лик асосий мактаб доирасида мажбурий бошланғич таълим жорий этилган. Шу мактаб негизида ўрта умумий таълим мактаби — гимназия ва касб-ҳунар мактаби ташкил этилган. Йирик олий ўқув юртлари: Скопьеда ун-т (1949 й. да ташкил қилинган, унинг ҳузурида иқтисодий и. т. ин-ти бор) ва пед. академияси. Македония фан ва санъат академияси, миллий тарих ин-ти, фольклор, геол., ветеринария ин-тлари, Охрид ш. да гидробиол. ин-ти, Струмица ш. да пахта ин-ти, 20 га яқин илмий жамият мавжуд. Скопьеда халқ кутубхонаси, ун-т кутубхонаси, тарихий архив, археология (1924), тарих (1926) музейлари, расмлар галереяси (1948), этн. музейи (1949), Охридда тарих ва раем музейлари бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекурсатуви. Македонияда бир қанча газ. ва жур. лар нашр этилади. Энг йириклари: «Нова Македония» ( «Янги Македония», македон тилида чиқадиган кундалик газ., 1944 й. дан), «Бирлик» ( турк тилида чиқадиган газ., 1994 й. дан), «Вечер» ( «Оқшом», кундалик газ.,1963 й. дан), «Пуле» (ҳафталик газ.,1991 й. дан), «Трудбеник» («Меҳнаткаш», ҳафталик газ.), «Фляка эвеллазеримит» ( албан тилидаги газ.,1945 й. дан). Макфакс — М. ахборот агентлиги 1993 й. да ташкил этилган. Македония радиоси 1944 й. дан, телекўрсатуви 1964 й. дан ишлай бошлаган.

Адабиёти. Македон адабиётининг вужудга келиши ва даврларга бўлиниши муаммолари мамлакат олимларининг илмий ишларида ҳар хил баён этилган. К. Мисирков (1874—1926)нинг илмий фаолияти бу соҳада муҳим аҳамиятга эга. У македон адабий тилининг ҳоз. фонетик ва морфологик тузилишига якин намунасини яратди. Шоир К. Ра-цин (1908— 43) замонавий македон шеъриятининг асосчиси хисобланади. К. Неделковски (1912—41), М. Богоевски (1919—42) ва б. ватанпарварлик руҳида асарлар яратишди. 2-жаҳон урушидан кейинги давр ёзувчилари озодлик кураши воқеаларини асосий мавзу қилиб олдилар. 60—80-й. ларда роман ва қисса жанрлари ривожланди (С. Янев-ски, Д. Солев, С. Дракул, Й. Леов, Г. Абажиев, Ж. Чинго ва б.). Драматургияда В. Ильоски, К. Чашуле, Т. Арсов-скилар ижод қилди. Македонияда турк ва б. халқлар адабиёти ҳам мавжуд.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Македония ҳудудида мил. ав. 4—6-а. лардан шаҳарлар (Стоби, Скупи, Гераклея) харобалари сақланган. Улар орасида доирасимон манзилгоҳлар, тош ва гуваладан қурилган уйлар, тарашланмаган харсангдан тикланган истеҳкомлар, қад. юнонча қабрларни эслатувчи олтин ниқобли сағаналар, одам ва ҳайвонларнинг олтин ва жез ҳайкаллари бор. Ўрта асрларда Македония меъморлиги Византия таъсирида ривожланган: Скопье деворлари (6-а.), шоҳ Самуил қасри (11 – а. бошлари), Струмица қўрғони (11-а.), Охриддаги аё София ибодатхонаси базилика типида қурилган. 12 — 14-а. лардаги диний иншоотларда бир ёки беш хочсимон гумбазли ибодатхоналар тоифаси қарор топди. Турклар ҳукмронлиги даврида масжидлар, миноралар, мезанасимон турар жойлар қурилди. 18—19-а. лардан монастир мажмуалари ва турар жой намуналари сақланиб қолган. 19-а. охири ва 20-а. 30-й. ларигача ҳоз. Македония ҳудудидаги шаҳарларда европача эклектизм руҳидаги қоришиқ меъморлик услубида бинолар режасиз, тартибсиз қурилган. Кейинги йилларда шаҳарлар бош режа асосида қайта курила бошланди, йиғма темир-бетондан йирик саноат иншоотлари барпо этилди. 1963 й. ги Скопье зилзиласидан кейин шаҳар марказини япон меъмори К. Тонгэ лойиҳаси асосида тиклашга киришилди. Кейинги йилларда барпо этилган энг катта иншоотлар — Скопьедаги Касаба уюшмалари уйи (меъмор С. Брезовски), Тарих музейи (меъмор Г. Константиновски), М. халқ театри (меъмор М. Кратоношич), Прилепдаги шаҳид жангчилар ёдгорлик мажмуаси, Петровцедаги аэропорт би-носи ва б.

Македонияда амалий безак санъати, ўймакорлик ва б. ривожланган. Охриддаги 11-а. га оид аё София ибодатхонаси, Нерезидаги 12-а. га мансуб авлиё Пантелеймон черкови деворларига ишланган расмлар Македония ҳудудидаги энг қад. тасвирий санъат ёдгорликларидир. 13—14-а. ларда Евтихис ва Михаил каби рассомлар эркин сюжет асосида нозик табиат манзараларини чиздилар. 18-а. 2-ярми ва 20-а. 1-ярмида македон рассомлари Фрчкоскилар оиласи, Ж. Зографски ва Д. Андонов умумевропа рангтасвири руҳида ижод қилиб, ватанпар-варлик композициялари, портретлар, пейзажлар яратдилар, халқ турмушини акс эттирдилар. Замонавий македон тасвирий санъатида рассомлик, ҳайкалтарошлик, графика, амалий безак санъатининг ҳар хил турлари ривожланган.

Мусиқаси. Халқ мусиқаси хилма-хил ва ўзига хос бўлиб, асосан, 2 овозли қўшиқ ва чолғу куйларидан иборат. Мусиқа асбоблари орасида тапан, дарбука, дойра каби уриб чалинадиган, шу-пелка, зурла, кавал каби пуфлаб чалинадиган, гусле, кара каби торли, камонли ва чертиб чалинадиган турли созлар бор. Дойра бўлиб қўшиқ айтиш ва рақсга тушиш кенг тарқалган. 19-а. охири ва 20-а. бошларида Македонияда мусиқа маданияти ривожланди, маданий-маърифий жамиятлар вужудга келди. 1895 й. Скопьеда духовой оркестр, 1907 й. «Вардар» қўшиқчилар жамияти ташкил топди. 1928 й. С. Арсич биринчи мусика мактабини очди. С. Гайдов, Ж. Фирфов каби истеъдодли композиторлар етишиб чиқди. 2-жаҳон уруши давридаги халқ озодлик курашида қўлга қурол олиб қатнашган македон композиторлари ватанпарварлик руҳидаги оммавий кўшиқлар ҳам яратишди. 60 — 80-й. ларда Г. Прокопьев, К. Македонски, Т. Зографски, Т. Прошев каби ком-позиторлар опера ва балет жанрларида баракали ижод қиддилар. Скопьеда Филармония (1944), М халқ театрида опера труппаси (1947), Фольклор ин-ти (1950), радио хори (1945), ўрта мусиқа мактаби, Олий пед. ин-тида мусиқа кафедраси мавжуд. Македониянинг Ўзбекистондаги маданият кунлари доирасида Тош-кентда 20-а. композиторлари асарларидан концертлар ўтказилган.

Театри. 1901 й. да «Ташвиш ва тасалли» деб аталган тарғибот-ватанпарварлик театр труппаси ташкил этилди, 1913 й. да Скопьеда биринчи доимий серб Халқ театри очилди. 20—30-й. ларда ишчи ва талабаларнинг ҳаваскорлик театр жамоалари вужудга келди. 1945 й. да Скопьедаги Халқ театри Македония халқ театри деб атала бошлади. Театр таркибида драма ва балет труппалари бор. Македония саҳналарида маҳаллий драматурглар, жаҳон классикаси ва хорижий муаллифларнинг асарлари қўйилади.