МАККА (араб. Умм ул-Қуро, Умм улМадоин — шаҳарлар онаси ва б.) — Саудия Арабистонининг ғарбий қисмидаги шаҳар, Қизил денгиздан 70 км узоқдикда жойлашган. Ҳижоз вилоятининг маъмурий маркази. Аҳолиси 1 млн. кишига яқин (2001); ҳаж вақтида (ҳажга келувчилар ҳисобига) 2 млн. дан ошади.
Макка қад. шаҳар, асос солинган йили номаълум. Дастлаб Замзам булоғи атрофида аҳоли турар жойлари пайдо бўлган. Макка илк бор Птолемей асарларида Макораба деб қайд этилган. Мил. ав. 2—1минг йилликларда Макка араб қабилалари учун муқаддас жой ҳисобланган. Ислом пайдо бўлишидан аввал Шарқ билан Ўрта денгиз бўйи давлатлари ўртасидаги савдода муҳим ўрин тутган. Мил. 5-а. ўрталарида Макка қурайш қабиласи қўлига ўтди. Шу даврда қурайш қабиласининг бошлиғи Зайд бин Килоб (Қусай лақаби б-н машҳур) Каъба атрофидаги ерларни ўз қабиладошларига бўлиб берди. Қусай ва унинг авлодлари ўтказган ислоҳотлар натижасида Макка тез суратлар билан ўсди, бозорлар кўпайиб, зиёратчилар учун янги қудуклар қазилди. 6-а. охири — 7-а. бошида шаҳар Арабистон я. о. нинг фақат савдо ва диний эмас, балки сиёсий марказига ҳам айланди. Шундай вазиятда Маккада яккахудолик (тавҳид)га асосланган ислом динининг тарғиботи бошланди. Маккада Муҳаммад (сав) туғилган, 7-а. дан мусулмонларнинг муқаддас шаҳри ва зиёратгоҳи.
610 й. Муҳаммад (сав) Макка яқинидаги Ҳиро тоғида ўзига биринчи бор ваҳий, яъни Қуръон оятикарималари нозил бўлганини эълон қилди. 622 й. да мусулмон жамоаси Макка билан рақобатлашиб келган Ясриб (Мадина) ш. га кўчиб ўтди (қ. Ҳижра). 630 й. да шаҳар мусулмонлар қўл остига ўтди ва Маккага ҳаж қилиш исломнинг 5 арконидан бирига айланди. Умавийлар даврида (661—750) шаҳар қиёфаси кескин ўзгарди: кўп қаватли қаср, саройлар пайдо бўлди. Бағдод халифалиги (750—1258) инқирозга учрагандан сўнг М. Фотимийлар, Айюбийлар ва мамлуклар қўл остига, кейинчалик Усмонли турк салтанати то-белигига (1517) ўтди. 1916 й. дан Макка — Ҳижоз қироллиги пойтахти. 1924 й. Ибн Саъуд қўшинлари Маккани ишгол этди. 1932 й. дан Саудия Арабистони таркибида.
Макка даги Ал-Масжид алҳаром ва Байтуллоҳ алҳаром—Каъба мусулмонлар учун муқаддас зиёратгоҳ.
Макка аҳолиси, асосан, ҳажга келганларга хизмат кўрсатиш, ибодат қилувчилар учун диний буюмлар (махсус кийимлар, яъни иҳром, тасбеҳ, атирлар, Замзам суви учун идишлар) тайёрлаш билан шуғулланади. Гилам тўқиш корхоналари, устахоналар мавжуд. Умм ал-Қуро унти бор (1981). Макка савдо ва автомобиль йўллари тугуни. Автомобиль йўллари шаҳарни Арриёд, Мадина ва Жидда ш. лари билан боғлайди. Ад.: Ҳасанов А. А., Макка ва Мадина тарихи, Т., 1992; Иноғомов СР., Саудия Арабистони подшоҳлиги, Т., 1998; Аббуд Гассан Ахмад, Современное королевство Саудовская Аравия, Т., 2002.
Аҳмаджон Ҳасанов.