МАККАЖЎХОРИ

МАККАЖЎХОРИ (Zea mays L.) – бо-шокдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўтсимон ўсимликлар тури, дон ва ем-хашак экини. М. Ер шаридаги ёввойи ҳолда ўсмайдиган энг қад. экинлардан бири. Ватани—Марказий ва Жан. Америка. Дастлаб Мексика ҳудудида қад. майя ва ацтек қабилалари томонидан мил. дан 5200 йил аввал деҳқончиликдаэкилган. Европага 15-а. охирида келтирилган. Маккажўхори экиладиган худудлар шим. кенгликнинг 40° гача боради. Жаҳон деҳқончилигида Маккажўхори экилган майдон 139,2 млн. га, ҳосилдорлик (дон бўйича) 43,13 ц/га, ялпи ҳосил 600,4 млн. т АКД] (28,5 млн. га, ҳосилдорлик 84 ц/га), Бразилия (11,6 млн. га, ҳосилдорлик 27,6 ц/га), Мексика (7,2 млн. га; ҳосилдорлик 25,3 ц/га), Хитой (25,8 млн. га; ҳосилдорлик 48,8 ц/га), шунингдек, Жан. ва Жан.-Шарқий Европа, Жан.-Шарқий Осиё, Жан. ва Шарқий Африка мамлакатларида катта майдонларга экилади (1999). Ўзбекистонда ҳам бу экин қадимдан экилади (42 минг га; ҳосилдорлк 31,6 ц/га; ялпи ҳосил 131,4 т; 2000). Пояси тик, 5—6 м гача, бўғимли, ичи ғовак. Илдизи патаксимон, ерга 1—1,5 м гача кириб боради. Поянинг энг остки бўғимидан йўғон таянч илдизлар чиқаради, улар ўсимликни ётиб қолишидан сақдайди ва чопиқ вақтида юмшоқ тупроқ уюми уларни нам ҳамда озиқ моддалар билан таъминлайди. Барглари кенг наштарсимон, кетма-кет жойлашган, усти тукли. Маккажўхори бир уйли, тўпгули айрим жинсли ўсимлик, чан-гчи тўпгули поя учида рўвак, уруғчи тўпгули сўтада попуксимон бўлади. Меваси дон. 1000 та дони вазни 100 — 400 г. Сўтаси донли зўғата, 500 дан 1000 гача дони бўлади ва уни ўраб турган барг (ғилоф)лардан иборат, ҳар туп ўсимлик 1—2 — 3 та, баъзан ундан кўпроқ сўта чиқаради. Дони йирик, юмалоқ, тухумсимон ёки тишсимон, ранги ва морфологик белгиларига кўра, тишсимон, ярим тишсимон, мумсимон ва қобиқли гуруҳларга бўлинади. Донининг таркибида 9—10% оқсил, 4—6% мой, 65—70% углевод, В,, В2, В6, Е витаминлари, дони сарғиш навларида провитамин А, никотин ва пантатен кислоталар, флавоноидлар ва б. мавжуд. Маккажўхори жуда маҳсулдор ва турли мақсадларда ишлатиладиган экин. Маккажўхори дони озиқ-овқат (ун, ёрма, бодроқ, ширин қаламчалар, маккажўхори мойи ва б.), крахмал-патока, пиво, спирт саноатларида ишлатилади. Аралаш ем и. ч. учун хом ашё, дони чорва моллари учун тўйимли озуқа (1 кг донининг тўйимлилиги 1,34 озуқа бирлигига тенг), кўк массаси (1 кг ида 13,6— 14,6 г ҳазм бўлувчи протеин ва 0,18—0,39 озуқа бирлиги бор), силоси ва дони билан бирга майдалаб консерваланган сўтаси қимматли озуқа. Маккажўхори пояси, зўғатаси, қобиқ баргидан қоғоз, линолеум, вискоза, изоляция материаллари, сунъий пўкак, киноплёнка ва б. ишлаб чиқарилади. Маккажўхори попуги тиббиётда ишлатилади.

Нави ва тупроқ-иқлим шароитига қараб ўсув даври 90—150 кун. М. иссиқсевар, ёруғсевар, қурғоқчиликка анча чидамли баҳори экин, тупроқ ҳарорати 10° бўлганда 10—12 кунда униб чиқади. Майсалари —2—3° совуққа чидайди. Кузда — 3° да совуқ уради, озуқалик сифатини пасайтиради. 20—25°данормал ўсиб ривожланади. Ҳарорат 35° дан юқори бўлганда гуллари яхши чангланмаслиги мумкин (юқори ҳарорат ва ҳавонинг қуруқлиги уруғчи тўпгуллар ипакчаларини қуритиб қўяди). Маккажўхорини асосий экин тарзида экиш учун бегона ўтлардан тоза, шўрланмаган ва сизот сувлари чуқур, ўтмишдош экинлардан кузги дон экини, дуккакли дон, бурдой экилган ер танланади. Ер кузда 28 — 30 см чуқурликда шудгорланади, гектарига 10—35 т гўнг ва 60—80 кг соф фосфор ҳисобидан ўғит солинади. Эрта баҳорда бороналанади ёки ёппасига культивация қилинади. Уруғлар қатор оралари 60, 70, ва 90 см қилиб Маккажўхори се-ялкаларида квадратуялаб ёки қаторлаб 6—10 см чуқурликда экилади. Ўсув даврида 2 марта — биринчисида гектарига 70—80 кг азот, 60—80 кг фосфор, иккинчисида 80—100 кг азот, 50—60 кг фосфор, 40—50 кг калий ҳисобидан озиқлантирилади, 2—3 марта культивация қилинади, 4—6 марта сугорилади. Маккажўхори кўкат ем учун рўвак чиқаргунча, силос учун дони думбул бўлиб етилганда ва дони учун тўла етилганда йиғиштирилади. Ўзбекистон шароитларида илғор хўжаликларда дон бўйича ҳосилдорлик 50—60 ц/га, кўк масса бўйича 300—600 ц/га га боради. Маккажўхорини анғиз экин сифатида (езда буғдойдан бўшаган майдонларга) ҳам экилади. Ўзбекистонда Ватан, Қорасув 350 АМВ, Ўзбекистон тишсимон Маккажўхориси, Ўзбекистон 306 АМВ, Ўзбекистон 601 ЕСВ, Молдавия 425 MB, Фигаро, Норт ва б. навлар ҳамда дурагайлари экилади (2002).

Ад.: Голодковский В . Л ., Систематика кукурузы, Т., 1966; Рашидов Т. Р., Маккажўхорининг келиб чиқиши ва филогенияси, Т., 1970; Азимов Х. У., Агротехника кукурузы на орошаемых землях Узбекистана, Т., 1973.

Иброҳимжон Ҳалимов.

Loading...