МАКТАБ

МАКТАБ — 1) ўқитувчи раҳбарлигида ёш авлодга маълумот бериладиган ва тарбиявий ишлар олиб бориладиган ўқув тарбия муассасаси. Мактабни куйидаги турларга бўлиш мумкин: а) бериладиган билимнинг характерига кура — умумий ва профессионал; б) билимнинг кўламига кўра — бошла-нғич (ёки қуйи), ўрта, олий; в) кимнинг қарамоғида бўлишига қараб — давлат, муниципал (жамоа) ва хусусий; г) ўқувчилар жинсига кўра — аралаш (ҳар икки жинсдаги ўқувчилар учун), аёллар ҳамда эрлар мактаби,д) динга нисбатан — дунёвий вадиний (конфессионал); е) болалар Мактабда бўлиш вақтига қараб — қатнаб ўқийдиган Мактаб ва тунаб қолинадиган Мактаб (пансион, интернат ва т. к.). Ўзбекистонда Мактаб, асосан, давлат мулки бўлиб, унда ўқиш бепулдир. Шу билан бирга олий ўқув юртларида ўқиш қисман шартнома асосида ота-оналар маблағлари ҳисобига амалга оширилади. ЎзР нинг 1997 й. да қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қолуни ҳамда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» да белгилаб берилганидек, Ўзбекистон мактабларида таълим ўқувчиларнинг она тилида олиб борилади. Барча Мактаб ларда ўқувчи ва талабалар учун узлуксиз тарзда таълимнинг қуйи босқичидан юқори босқичига ўтиш таъминланган. Бошланғич ва ўрта Мактаб ларда таълимнинг асосий шакли — дарс, ўрта махсус ва касб-ҳунар, ҳамда олий мактабларда — лекция.

Илк Мактаблар қад. Шарқ мамлакатлари (Хитой, Бобил, Миср ва б.)да пайдо бўлган; бу мамлакатлардаги ибодатхоналарда коҳинлар ва котиблар Мактаб лари бўлган. Европада дастлабки Мактаблар тахминан мил. ав. 6-а. да Юнонистонда, мил. ав. 4-а. да Қад. Римда вужудга келган.

Ўрта Осиёда бошланғич таълим берадиган Мактаб мактабхона деб номланган. Ўрта Осиёда Мактаблар типидан яна Мадраса, қорихонанк кўрсатиш мумкин. Мадраса ўрта ва олий типдаги Мактаб ҳисобланган; қорихонада Қуръонни тиловат қилиш ўрганилган.

Туркистондаги рус аҳоли маҳаллий аҳолига нисбатан Мактаблар билан яхши таъминланган. 1876 й. дан гимназия, реал Мактаб, муаллимлар семинарияси ва б. хил Мактаблар очилган. Рус Мактаб ларининг айримларида маҳаллий миллат болалари ҳам ўқиган. 19-а. охирларида маҳаллий миллат болалари учун рус-тузем мактаблари ташкил этила бошлади. Бу М. лар, асосан, чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига хизмат қилган бўлсада, ўлкада илғор ўқиш усулларининг ёйилишида маълум роль ўйнади. Совет тузуми даврида Мактаб лардаги таълим жараёнининг ўзи ва ўқитиш услубиятидаги ҳар хил камчиликлар оқибатида билим беришда юзага келган нодемократик ҳамда жамият учун зарарли муҳит шунга олиб келдики, ўқувчиларда мустақил фикрлаш ривожланмай қолди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, мактабларнинг моддий техника базасини ривожлантириш, уларни илмий методик жиҳатдан таъминлаш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистонда Мактаб ишлари юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Мамлакатда 9672 умумий ўрта таълим мактаби (6 млн. дан ортиқ ўқувчи), 224 ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юрти (223 минг ўкувчи), 61 олий ўқув юрти (125,5 минг талаба) мавжуд (2002). Яна қ. Халқ таълими, Бошланғич мактаб, Умумий ўрта таълим мактаби, Академик лицей, Касб-ҳунар коллежи, Олий ўқув юртлари; 2) фан, адабиёт, санъат, ижтимоийсиёсий ҳаёт ва ш. к. да ўзига хос хусусиятларга эга бўлган йўналиш, оқим (мас, геолог олим Ҳабиб Абдуллаев мактаби ва ҳ. к.).

Мактаб атамаси, шунингдек, рангтасвир, ҳайкалтарошликка, ўзига хослиги аниқ ифодаланган шаҳар ёки маълум вило-ят меъморлигига, у ёки бу даражада аник, услубий ва тарихий чегараларига эга бўлган бутун бир мамлакатнинг миллий санъатига нисбатан ҳам қўлланади (мас, Ҳирот миниатюра мактаби).

Роҳатой Сафарова, Лайло Шермаматова.