МАЛАКА ОШИРИШ

МАЛАКА ОШИРИШ, Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш (ЎзРда) — узлуксиз таълим тизими турларидан бири, халқ хўжалигининг барча соҳасида ишловчи мутахассислар ва раҳбар ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини янгилаш ҳамда чуқурлаштириш жараёни. Кадрларнинг рақобатбардошлик сифатлари ҳамда билим ва кўникмаларининг замон талабларига жавоб бера оладиган даражада бўлишини таъминлайди. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ҳар бир ходимнинг ўз мутахассислиги бўйича сўнгги фан ютуклари, янгиликлари билан танишиш, уларни ўзлаштириш, янги амалий иш усуллари, илгор иш тажрибаларини ўрганишдан иборат илмий назарий ҳамда амалий тайёргарлик жараёни ҳисобланади. Малака ошириш ва кайта тайёрлаш даврийлиги турли мутахассислар ҳамда раҳбар ходимлар учун турлича бўлиб, 2—5 й. да 1 марта, зарур ҳолларда бундан қисқа муддатларда ўтказилади. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш ун-тларда, малака ошириш ин-тларида қамда профессионал қайта тайёрлаш ҳуқуқига эга бўлган ўқув марказларида амалга оширилади. Мазкур жараён и. ч. дан ажралган, қисман ажралган ва ажралмаган ҳолда бўлиши мумкин. Унинг шакли Малака ошириш таълим муассасаси томонидан таълим дастурининг мураккаблиги эътиборга олинган ҳолда ва буюрмачининг у билан тузилган шартномаси асосидаги эҳтиёжларига мувофиқ равишда белгиланади. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш муддати турлича бўлиб, ҳар бир ҳолда қўйилган мақсад ҳамда вазифаларга мувофиқ белгиланади. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасаси ўқув жараёнини мақсадли ташкил этиш, таълим шакли, услублари, технологиясини қўллаш орқали тингловчиларга таълим дастурларини ўзлаштиришлари учун зарур щароитлар яратади. Мазкур дастурлар малака ошириш таълим муассасалари томонидан буюртмачи эқтиёжларини, шунингдек, қўшимча касб таълими дастурлари мазмуни олдига қўйилган давлат талабларини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқилади, тасдиқланади ва амалга оширилади. Мутахассисларни профессионал Малака ошириш ва кайта тайёрлаш жараёни якуний давлат аттестацияси билан тугалланади. Аттестацияни ўтказиш тартиби таълимни бошқариш бўйича тегишли давлат органлари томонидан белгиланади. Ўқув режасининг барча талабларини бажарган, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган тингловчилар Малака ошириш ва қайта тайёргарликдан ўтганлиги ҳақида белгиланган намунадаги диплом ёки сертификат оладилар. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни кайта тайёрлаш тартиби ЎзР Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Саидқосим Усмонов.