МАЛАЯЛАМ

МАЛАЯЛАМ, малаяли тили — дравид тиллари оиласининг жан. гуруҳига мансуб, Ҳиндистоннинг жан. ва жан.ғарбида тарқалган тил; Керала штатининг расмий тили. 40 млн. га яқин киши сўзлашади. Лаҳжалари ҳудудий жиҳатдан жан., марказий, ғарбий гурухларга ажратилади, шунингдек, ижтимоий-этник жиҳатдан ҳам лаҳжалар (браҳманлар, мусулмонлар, айрим қабилалар) ўзаро фарқланади. Фонологик ва морфологик жиҳатдан бир қатор ўзига хосликларга эга, мас, олд ва орқа қатор унлиларининг баъзан намоён бўлувчи сингармонизма, қад. дравид тилларидаги айрим танглай ва бурун ундошларининг сақланиб қолганлиги, феълларнинг замон шакллари ясалишига кўра, кучли ва кучсиз турларга бўлиниши ва б. Адабий тил луғат таркибида ва сўз ясалишида санскрит тилининг кучли таъсири сезилади. Малаялам ёзуви 9—10-а. лардан маълум; унинг ҳарф-бўғинли алифбоси қад. ҳинд ёзуви — браҳмипан келиб чиққан.

Next Article

МАЛЕ