МАЛИК

МАЛИК (араб. — эга, ҳукмрон) — исломгача бўлган араб давлатлари (Facсонийлар, Лаҳмийлар)да ҳукмдор, Марказий Арабистондаги қабилалар конфедерацияси ва Жан.-Шарқий Арабистоннинг баъзи қабилалари бошлиқлари, шунингдек, Хадрамавт ҳудудидаги кинда қабиласи зодагонлари вакили. Ислом вужудга келиши билан «Малик» атамаси мусулмон бўлмаган ҳукмдорларга (монарх маъносида) нисбатан қўлланилди. Араб халифалиги парчаланиб кетгач, халифалик ҳудудида вужудга келган мустақил давлатларнинг ҳукмдорлари Малик деб атала бошланди.

Қуръони каримда «Малик» истилоҳи подшоҳ, шунингдек, Аллохнинг си-фатларидан бири маъносида қўлланилади.

Сосонийлар даврига оид «Тансара мактублари» асари (260 й.)да айтилишича, Малик унвони шоҳаншоҳ томонидан фақат шох, хонадони аъзолари ва чегара ҳудудларидаги «аланлар, ғарбий вилоятлар, Хоразм ва Кобул ҳокимлари»га берилган. Хоразмшоҳлар давлатида Малик ҳарбий унвони 10 минг кишилик отлиқ қўшинга қўмондонлик қилган кишиларга берилган (мас, Аъзам Малик, Темур М. ва б.). Бу унвонга камдан кам ҳолларда аҳолининг қуйи қатламига мансуб кишилар сазовор бўлишган. Жангларда алоҳида жасорат кўрсатган Малик ларга хон унвони берилган.

Мўғуллар босиб олган баъзи мамлакатларда (13—14-а. лар) маҳаллий ҳукмдорлар Малик деб аталган. Мўғуллар ҳукмронлиги даврида Арманистон ва Озарбайжон, Сафавийлар давлатидаги ярим мустақил давлатларда Малик — йирик мулкдор, маҳаллий қад. мусулмон ва христиан зодагонларининг аждоди.

Афғон қабилаларида Малик — қабила ёки уруғ бошлиғи; қишлоқ ёки маҳалла оқсоқоли. Ҳозир Малик — баъзи араб давлатлари (Иордания, Марокаш)нинг қироли (подшоҳи). Мусулмонлар исмларида Малик сўзи исм (ёки фамилия)нинг таркибий бўлаги сифатида учрайди.

Ад.: Луконин В., Древний и раннесредневековый Иран, Малик, 1987; Буниёдов 3., Ануштагин Хоразмшохлар давлати, Т., 1998; Шихаб аддин Мухаммад анНасави, Жизнеописание султана Джалал ад-Дина Манкбурны, Баку, 1973.

Prev Article

МАЛИ