МАЛИКШОҲ

МАЛИКШОҲ, Абулфатҳ Жалолиддин (1055—1092) — салжуқийлар султони (1072—92). Маликшоҳ 1072 й. отаси Алп Арслон ўрнига тахтга ўтирган ва давлатни вазир Низомулмулкнит кучли таъсири остида бошқарган. Низомулмулк унинг отаси даврида ҳам вазир бўлиб, ёш Маликшоҳга мураббийлик ҳам қилган, Маликшоҳ уни ўз ҳомийси — отабек деб атаган. Маликшоҳ отаси каби иқтидорли саркарда бўлган. Унинг ҳукмронлиги даврида Салжуқийлар давлати ҳудуди жуда ҳам кенгайган (Қашқардан Ўрта денгизгача, Кавказ ва Орол денгизидан Форс қўлтиғигача), давлатнинг куч-қудрати ўзининг юқори чўққисига етган. Маликшоҳга ҳарбий жасоратлардан кўра, Низомулмулкнинг мамлакат ички сиёсатида олиб борган фаолияти кўпроқ шуҳрат келтирган: вайрон бўлган шаҳар, қишлоқлар тикланган, алоқа йўллари яхшиланган, кўплаб хонақоҳлар, масжидлар, карвонсаройлар, расадхоналар қурилган. Умар Хайём М. топшириғига кўра, сосонийларнипт шамсий тақвимини ислоҳ этиб, янги тақвим тайёрлаган (у «Маликий йил ҳисоби» ёхуд «Жалол эраси» номи б-н машҳур). Нишопур, Басра, Исфаҳон, Ҳиротда мадрасалар қурилган, хусусан, Бағдоддаги «Низомия» мадрасаси бутун жаҳонга машҳур бўлган. Олимларга ҳомийлик қилинган. Саройда мунтазам суратда шоирлар анжумани бўлиб турган. Мамлакатда диний толерантлик устун бўлган; М. гарчи сунний бўлсада, шиа имомлари мақбараларини зиёрат қилган. Салтанатдаги тартибни шахсан назорат қилиш учун Маликшоҳ ҳаёти чоғида давлат ҳудудини 10 марта кезиб чиққан. У салтанатни 12 та вилоят — мулкка ажратиб, уларни салжуқий амирлар ва лашкарбошиларга иқто тариқасида берган. Маликшоҳ ҳукмронлигининг сўнгги даврида ҳашшошийлар сиёсат майдонига чиққанлар.

Loading...