МАЛИНА

МАЛИНА, булдурғун (Rubus) — раъногулдошлар оиласи рубус туркумига мансуб кўп йиллик чала буталар; резавор мева. Малинанинг 120 ёввойи тури бўлиб, Евросиёнинг мўътадил ва субтропик минтақаларида кенг тарқалган. Малинанинг маданий навлари оддий ёки қизил (R.idaeus), дағал тукли ёки америка М. си (R.strigosus), ғарбий ёки маймунжонсимон Малина (R.occidentalis) ва б. турлари учрайди. Ўрта Осиё, Шарқий Сибирь, Узоқ Шарқ, АҚШ ва Европа мамлакатларида ўстирилади. Илдизи кўп йиллик, пояси икки йиллик. Бутаси бал. 1 — 1,5 м, барглари тоқ патсимон, мураккаб, кетма-кет жойлашган. Гуллари икки жинсли, ўзидан чангланади. Меваси қизил, баъзан сариқ. Ўзбекистонда май охири — июнь бошидан пиша бошлайди, ремонтантли (бир мавсумда қайта ёки кўп марта гуллаб, ҳосил берадиган) навлари авг. нинг 2-ярмида иккинчи марта мева тугади. Меваси таркибида 5,7—11,5% қанд, 1—2% органик кислоталар, 9,1 — 44 мг% С витамини ҳамда В гуруҳи витаминлари, каротин, хушбўй моддалар мавжуд. Меваси, асосан, янгилигида ейилади, консерва саноатида қиём, жем, шарбатлартайёрланади. Қуритилган меваси (дамламаси) тиббиётда терлатувчи дори сифатида, шарбати суюқ дорилар таъмини яхшилашда ишлатилади.

Малина илдиз бачкилари, илдизи ва қаламчаларидан кўпайтирилади. Кўчати ўтқазилгач, 2-йили ҳосилга киради. Ўзбекистонда Малина симбағазларга кўтариб ўстирилади. Ҳосили тугагач, бир йиллик новдалари қолдирилиб, икки йилликлари қирқиб ташланади. Малина озиқ моддаларга бой, сернам, сувни яхши ўтказадиган, ер ости сувлари камида 1,5 м чуқурликда бўлган ерларда яхши ўсади. Малина кўчатлари эрта баҳорда ёки кеч кузда қатор оралиғи 1,5 м, туп оралиғи 50—70 см схемада экилади. Ёз давомида қатор оралари юмшатилади. 10—12 марта суғорилади. Ҳосилдорлиги ўртача 80—120 ц/га. Ўзбекистонда Малинанинг Барнаул, Вислуха, Прогресс, Мальборо навлари экилади. Касалликлари: оқ доғланиш, макроспориоз, вилт ва б. Зараркунандалари: қўнғизлар, баргхўрлар, шиллиққурт, ўргимчаккана, қалқондорлар.

Кураш чоралари: агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, ғунчалаш даврида ва ҳосил йиғиштирилганидан кейин 1% ли коллоидли олтингугурт эритмасини пуркаш.

Ад.: Казаков И. В.,Кичина ВВ., Малина, 3 изд., М., 1985; Абдуллаев Р., Ягудина С., Томорқада етиштириладиган резавор мевалар, Т., 1989.

Жамолиддин Файзиев.

Loading...