МАЪЛУМОТ (педагогикада) — шахснинг ўқиш-ўрганиш натижасида ўзлаштирган билим кўникмалари ҳажми, йўналиши ва даражаси. Таълимтарбия ҳамда мустақил билим олиш жараёнида олинади. Маълумот инсонинг онгли фаолияти жараёнида ўзлаштириб борилади. Ушбу жараён боланинг фикрлаш қобилияти шаклланишидан бошлаб дастлаб оилада, сўнгра узлуксиз таълим тизимининг турли босқичларида таълимтарбия олиш давомида амалга оширилади. Узлуксиз таълим тизимининг ҳар бир босқичида тегишли таълим стандартлари ҳамда ўқув дас-турлари билан белгиланган ҳажм ва йўналишдаги Маълумот ўзлаштириб борилади. Маълумотни ўзлаштириш жараёнини ташкил қилишнинг асосий шакли таълим ва тарбия машгулотларидан иборат. Бунда Маълумот олувчини талаба, ўқувчи, шогирд, бу жараёнга раҳбарлик қилувчиларни ўқитувчи, мураббий, устоз деб номланади. Маълумот олиш манбаи дарслик, қўлланма, қўшимча адабиётлар, атроф муҳитдаги нарса ва воқеа-ҳодисалар, Маълумот олиш воситаси ўқув қуроллари ҳамда мантиқий тафаккур жараёнидан иборат. Маълумот оила, боғча, мактаб, академик лицей ёки касбҳунар коллежи, олий ўқув юрти, мактабдан ташқари таълим муассасалари, олий ўқув юртидан кейинги таълим шакллари — аспирантура, докторантура ҳамда қайта тайёрлаш ва малака оширишда ўзлаштирилади.
Шахснинг Маълумот даражаси бошланғич, умумий ўрта, ўрта махсус, олий бўлиши мумкин. Маълумот умумий ва махсус Маълумотга ажралади. Умумий Маълумот келажакдаги ихтисоси, касбидан қатъи назар, ҳар бир киши учун зарур бўлган билим, малака ва кўникмаларни англатади. Махсус Маълумот муайян мутахассисликдаги ходимнинг касбига оид Маълумотни билдиради. Умумий Маълумот махсус маълумотнинг зарур негизидир. Махсус Маълумот олий (қ. Олий таълим), ўрта махсус ва касб-ҳунар (қ. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими) М. ларига бўлинади.
Саидқосим Усмонов.