МАЪМУРИЙ БИНОЛАР — давлат муассасалари ва жамоат ташкилотлари учун мўлжаллаб қурилган бинолар. Маъмурий бинолар хоналари асосий (хизматлар хонаси, бўлинмалари, қабулхона, музокара ва мажлислар зали), хизмат кўрсатувчи ва ёрдамчи хоналар (вестибюль, гардероб, кутубхона, архив, ошхона, санузел хоналари, зинапоя, лифтлар ва б.) гуруҳларга бўлинади. Йирик шаҳарларда Маъмурий бинолар индивидуал лойиҳа бўйича қурилади. Улар шаҳар қиёфасини ўзгартиришга, меъморий ансамблларни ташкил этишга хизмат қилади. Mac, Тошкентдаги Мустақиллик майдони, Алишер Навоий хиёбони, Амир Темур хиёбонидаги Маъмурий бинолар ва б. Охирги ўн йилликда маъмурий бинолар мажмуасини банк муассасалари, бизнес марказлар, меҳмонхоналар туркумидан иборат иморатлардан шакллантириш кенг русм бўлмоқда.