МАЪНАВИЯТ — инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи тушунча. У кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ўз ичига олади. Маънавият атамасининг асосида «маъно» сўзи ётади. Маълумки, инсоннинг ташқи ва ички олами мавжуд. Ташқи оламига унинг бўйбасти, кўриниши, кийиниши, хатти-ҳаракати ва б. киради. Ички олами эса унинг яшашдан мақсади, фикр юритиши, орзу-истаклари, интилишлари, ҳис-туйғуларини ўз ичига олади. Инсоннинг ана шу ички олами Маънавият дир. Озиқ-овқат одамга жисмоний қувват берса, Маънавият унга руҳий озиқ ва кудрат бағишлайди. Маънавият маърифат ва маданият билан боғлиқ. Маънавият одамларда таптайёр ҳодда вужудга келмайди. Унга муттасил ўқиш, ўрганиш, тажриба орттириш орқалигина эришилади. Маънавият қанчалик бойиб борса, жамият ва миллат шунчалик равнақ топади. Маънавият ли одам яшашдан мақсад нималигини аниқ билади, умрини мазмунли ўтказиш йўлини излаб топади, муомала қилиш маданиятини эгаллайди, ҳар бир масалага инсоф ва адолат нуқтаи назаридан ёндошади. Виждон нима, ёлғон ва рост нима, ор-номус нима, ҳалол ва ҳаром нима — буларнинг ҳаммасини бир-биридан ажрата олади, ҳаётда ёмонликка бошловчи хатти-ҳаракатлардан воз кечади, яхшиликка бошловчи амалларни бажаради. Қисқаси, Маънавиятда инсон ҳаётининг мазмуни акс этади. Ватанни севиш, ватанпар-варлик инсон Маънавият ини белгиловчи асосий омиллардан биридир. Маънавият камол топган жамиятларда қобилият, истеъдод эгалари шу жамиятнинг, миллатнинг юзи, ғурури, обрў-эътибори ҳисобланади. Маънавият ли жамиятда ақл, соғлом фикр, адолат ва яхши хулқ устувордир. Бундай жамиятда халқнинг эртанги кунга ишончи кучли бўлади, одамга номуносиб турли иллатлар барҳам топади. Миллатнинг асрлар давомида шаклланган илдизлари, унинг тарихий тажрибалари ва ижтимоиймаданий ривожланишисиз Маънавиятни тасаввур қилиш қи-йин. «Маънавият — инсоннинг, халқнинг, жамиятнинг, давлатнинг куч-қудратидир. У йўқ жойда ҳеч қачон бахтсаодат бўлмайди», деган эди ЎзР Президенти И. А. Каримов. Шу сабабли Ўзбекистонда Маънавиятни юксалтириш, халқни Маънавият ли қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мустақиллик туфайли ўзбек халқининг кўп асрлик бой тарихий, илмий, маданий ва диний меросини ўрганиш, ундан халқнинг умумий ва бебаҳо мулки сифатида фойдаланишга кенг йўл очилди. Маънавият имиз «Авесто» ва зардуштийлик таълимотидан бошлаб ҳоз. кунгача шаклланиб, бойиб, умуминсоний қадриятлар билан ёнма-ён ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонда Маънавият ва маърифатни кўтариш, тарғиб қилиш, бойитиш, аҳолининг кенг доирасига ёйиш мақсадида республика «Маънавият ва маърифат» маркази ташкил этилган. Республика таълим тизимида «Маънавият асослари» фани ўқитилади. Маънавият соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориляпти.
Ад.: Каримов И. А., Истиқлол ва маънавият, Т., 1994; Каримов И. А., Маънавий юксалиш йўлида, Т., 1998; Маънавият ва маърифат асослари (тузувчилар: С. О. Ота-муродов ва б.,) Т., 1998; Имомназаров Маънавият, Миллий маънавиятимиз назариясига чизгилар, Т., 1998.
Султонмурод Олим.